Ўзбекистонда 78 мингдан зиёд топонимик номлар таҳлилдан ўтказилди

Қўшилди: 13 май 21:00
Кўрилди: 532
Комментарии: 0
Ўзбекистонда 78 мингдан зиёд топонимик номлар таҳлилдан ўтказилди
Тошкентда «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ижроси юзасидан Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси («Ергеодезкадастр») раҳбариятининг ахбороти эшитилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
2011 йилнинг 12 октябрида кучга кирган «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни талабларини бажариш мақсадида «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси тизимида Республика топонимика хизмати фаолият кўрсатмоқда.
Муассаса томонидан географик объектларни номлаш ва қайта номлаш бўйича таклифларни давлат экспертизасидан ўтказиш, географик объектлар номлари давлат реестрини яратиш ва юритиш, географик объектларнинг номларини меъёрлаштириш ва уларни давлат рўйхатидан ўтказиш сингари ишлар амалга ошириб келинмоқда.
2013—2016 йилларда Республика топонимика хизмати томонидан мамлакатда географик объектларнинг номларини тўплаш, меъёрлаштириш ва давлат реестрига киритиш ишлари амалга оширилди. Бугунги кунда хизмат томонидан географик объект номларининг мониторинги, яъни янги объектлар номларини ҳамда 2013—2016 йилларда тўпланган географик объектлар номлари бўйича юзага келган ўзгаришларни тўплаш, меъёрлаштириш ва давлат реестрига киритиш ишлари амалга оширилмоқда.
Географик объектлар номларининг давлат реестрини электронлаштириш мақсадида махсус дастур ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Географик объектларнинг номлари давлат реестри маълумотлар базасини юритиш ишларида қўлланилмоқда.
Мамлакат миқёсида 78 минг 300 га яқин аҳоли пункти ва уларнинг қисмлари, табиий, транспорт ва муҳандислик-техника инфратузилмаси объектлари номлари таҳлилдан ўтказилди. Натижада 20 минг 360 шахс номларида бўлган, қонун ҳужжатларига мос келмаган ва номсиз географик объект номлари ҳудудлардаги топонимик комиссиялар иштирокида қайта номланди.