Дунё бўйлаб киберҳужум: «Катта еттилик» давлатлари ташвишда

Қўшилди: 13 май 20:30
Кўрилди: 1098
Комментарии: 0
Дунё бўйлаб киберҳужум: «Катта еттилик» давлатлари ташвишда
12 май куни бутун дунё бўйлаб товламачи-вирус тарқалди – у компьютерни блоклаб қўйиб, блокни ечиш учун фойдаланувчидан тўлов талаб қилади. Маълумотларга кўра, жаҳон бўйлаб бир неча ўн минг компьютер зарарланган, улар орасида Ўзбекистон ҳудудида бўлган қурилмалар ҳам бор. Бу ҳақда daryo.uz хабар берди.

WannaCrypt (уни яна WCry деб ҳам аташади) вирусининг тарқалиши 12 май куни кундузи бошланди. Биринчилардан бўлиб Испания ҳужумга учради; у ерда мамлакатнинг энг йирик телекоммуникация ширкатларидан бири Telefonica, Gas Natural газ компанияси, электр таъминоти соҳасида фаолият олиб борувчи Iberdrola корхонаси, Сантандер банки ва KPMG консалтинг компанияси филиали вирус қурбонларига айланди. Буюк Британияда эса хакерлар соғлиқни сақлаш тизими компьютерларига ҳужум қилди. Жаҳон бўйлаб бир неча ўн минг компьютер зарарланди.
Вирус компьютердаги барча файлларни шифрлаб қўяди ва товон пули талаб қилади. Скриншотлардан англаш мумкинки, ҳар бир мамлакатда экранга шу мамлакат тилида ахборот чиқарилмоқда: Буюк Британияда – инглиз тилида, Испанияда – испанча, Россияда – русча. Талаб қилинаётган товон пули миқдори ҳаммаёқда бир хил – 300 доллар, фақат бу пул биткоинларда тўланиши лозим. Тўлов уч кун ичида амалга оширилиши керак, акс ҳолда товон миқдори икки баробар ошади. Meduza’нинг ёзишича, ҳуқуқбузарлар биткоинларни ўтказишни талаб этган электрон кармонларга Тошкент вақти билан 13 май 00:01 ҳолатига кўра 300 доллардан 32 та тўлов амалга оширилган.
WannaCrypt вирусининг дастлабки версияси ҳақида 2017 йил февралидаёқ маълум бўлган эди. Вирус фақат Windows операцион тизимида ишлайди. Motherboard’нинг ёзишича, вирус фойдаланадиган носозлик АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги (МХА) томонидан фойдаланилган носозликка ўхшаш. Сўнгги вақтларда хакерлар шундай носозликлардан фойдаланиш имконини берувчи МХАнинг бир неча тайёр воситаларини эълон қилган эди – афтидан, бошқа хакерлар товламачи-вирусни тайёрлашда ўша маълумотларга мурожаат этган.
Microsoft вирус учун қўл келаётган Windows’даги носозликни март ойидабартараф этган эди. Microsoft компанияси Windows’нинг фойдаланувчиларидан операцион тизимни янгилаб олишни сўраган эди. Кўринишидан, хакерлик ҳужумига учраганларнинг бари тизимни янгилашга улгурмаганлардан.
Компьютерлар қандай зарарланаётганини мана бу харита орқали жонли эфирда томоша қилиш мумкин. Унда бутун Европа, Хитой, Лотин Америкаси, хусусан, Ўзбекистондаги фойдаланувчилар ҳужумга учраганини кўриш мумкин. Бутун дунё бўйлаб бир неча ўн минг компьютер зарарланган.

Сўнгги маълумотларга кўра, G7 давлатлари молия вазирлари 13 май, шанба куни Италиянинг Бари шаҳридаги учрашувлари давомида халқаро киберҳужумларга қарши биргаликда кураш услублари ҳақида келишиб олади. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар берди.
«Мазкур услублар молия тизимида заиф нуқталарни тезлик билан аниқлаш бўйича ҳамкорликдаги чоралар ва барча молиявий институтларнинг киберхавфсизлигини таъминлашни назарда тутади. Киберҳужумлар иқтисодиётлар учун тобора жиддий хавф туғдираётганлигини тан оламиз, шу сабабли умумий иқтисодий жавоб сиёсатини ишлаб чиқиш зарур», — дейилади учрашув дастури лойиҳасида.
Италия молия вазири Пера Карло Падоанга кўра, 12 май, жума куни кечки пайт амалга оширилган киберҳужумдан аввал режалаштирилган ушбу кун тартиби «афсуски, жуда долзарб бўлиб чиқди».