“Яна маҳаллада дув-дув гап” енгил-елпи фильм бўлиши мумкин эмас”

Қўшилди: 11 май 09:30
Кўрилди: 1056
Комментарии: 0
“Яна маҳаллада дув-дув гап” енгил-елпи фильм бўлиши мумкин эмас”
“Шуҳрат” медали, “Эл-юрт ҳурмати” ордени ва ўнлаб халқаро кинофестивалларда бош мукофот соҳиби бўлган режиссёр Шуҳрат Аббосов “Dono Productions” кинокомпанияси томонидан суратга олинган “Яна маҳаллада дув-дув гап” фильмига режиссёрлик қилгани ҳақида аввалроқ хабар бергандик.
Ўзбекистон халқ артисти Гулчеҳра Жамилова Darakchi.uz нашри билан кинокартина ҳақидаги таасуротларини ўртоқлашди.
“Яна маҳаллада дув-дув гап фильмида буви образини яратдим. Фильмга Шуҳрат Аббосов қўл урганларини билиб, ҳеч иккиланмай таклифни қабул қилдим. Шуҳрат Аббосов Ўзбекистон кино санъатида катта шов-шувларга сабаб бўлган режиссёрлардан бири. Кинога кириб келишимга ҳам шу инсон сабабчи бўлган.
“Маҳаллада дув-дув гап”нинг давомини муаллифнинг ўзлари олганликлари нур устига аъло нур бўлди. Узоқ ёзилган сценарий, пухта олинган саҳналар, аминманки, фильм ўз томошабин кўнглидан алоҳида жой эгаллайди.
Бироқ фильмни “Маҳаллада дув-дув гапнинг” давоми деб тушуниш керакмас, сабаби ўзим билан суҳбатда бўлган аксарият мухлислар айнан шундай деб билишяпти ҳамда унда илк фильмнинг фарзандлари тақдири намойиш этилишини кутишаётганини англадим. Томошабин ўзини фильмнинг мантиқий давомини кўришга тайёрламаслиги керак, “Маҳаллада дув-дув гап” бу классик асар, санъатимиз дурдонаси бўлиб қолади.
“Яна маҳаллада дув-дув гап”да ўзгача мавзу, мутлақо бошқа давр, ўзга дунёқарашга эга одамларнинг тақдири намойиш этилади.
Фильмни сериал қилиш режаси ҳақида ҳам эшитдим.
Томошабинни диди ва дунё қараши ҳар хил, шу сабабли ҳаққоний баҳони фақат улар беради. Ўзим ҳам фильмни интизорлик билан кутяпман. Фильмни ўз ишининг ҳақиқий устаси олган экан, уни салмоқли фильм бўлишига ишонаман.
Шуҳрат Аббосовнинг ўз қалами бор, жуда катта маданият ва маҳоратга эга инсон, шу сабабли “Яна маҳаллада дув-дув гап” енгил-елпи фильм бўлиши мумкин эмас!”
Айни дамда фильм бадиий кенгашга топширилган, премьерага ҳам оз фурсатлар қолмоқда.