​Хотиржамликни сақлашнинг 7 усули

Қўшилди: 08 май 20:00
Кўрилди: 248
Комментарии: 0
​Хотиржамликни сақлашнинг 7 усули
Безовталик — ҳаётимизнинг ажралмас қисми. У билан кунига неча марта тўқнаш келишингизга ҳеч аҳамият берганмисиз? Эътибор бериб кўринг ва безовталик ҳисси билан қанчалик кўп дуч келишингизга ўзингиз амин бўласиз. Хўш, турфа мураккаб вазиятларда дадилликни қандай қайтариш мумкин?

1. «Доктор, вой, жоним…»
Айтайлик, тишларингиз саломатлигига ишонч ҳосил қилиш учун стоматолог қабулига бордингиз. Навбат кутиб ўтириб, ичкаридаги бақир-чақиру даҳшатли асбобнинг ғириллаши асабни эговлайди. Лекин буниси ҳолва… Агар тиш зирқираб оғриб турганда навбат кутишга тўғри келса-чи?! Бундай пайтда хотиржам бўлишнинг умуман иложи йўқ.
Тез ёрдам. Агар стоматолог хонаси ёнида Яна бир ўзингизга ўхшаган «жабрдийда» ўтирган бўлса, уни гапга тутишга ҳаракат қилинг. Ўзингиз ҳам чалғийсиз, юрак ҳовучлаб ўтирган шеригингизнинг ҳам дардини енгиллаштирасиз.
2. Биринчи учрашув
Олдинда илк учрашув! Ҳаяжондан қўлингиздан ҳамма нарса тушиб кетаяпти, соч турмагингиз кўнглингиздагидек чиқмаяпти, пардознику айтмаса ҳам бўлади! Хуллас, хотиржамлик умуман унут бўлган. Хаёлда фақат бир ўй: ҳаммасини эртага қолдисаммикан?
Тез ёрдам. Агар ҳар галл «эртага келинг» деяверсангиз, ёлғиз қолиб кетишингиз аниқ. Шунинг учун бугунги ишни эртага қолдирманг! Учрашув олдидан макияж ва турмагингизни буткул ўзгартиришга уринманг. Вақт камлигида ҳаммаси ўйлаганингиздек бўлиб чиқмаса, олдинги ҳолингизга қайтишга фурсат бўлмайди. Хуллас, «эксперимент»лар қилманг. Яхшиси, нималар ҳақида гапиришингизни ўйлаб кўринг. Мазмунли гапларингиз билан уни лол қолдиринг.
3. Аёл машина бошқарса…
Йўлда кетаётиб, ёнингизда кетаётган автомобиль эгаси гоҳ қўл силкитиб, гоҳ қувлашмачоқ ўйнашни таклиф қилса ёки машинангизни туртиб юборса, ўз-ўзидан сизга бақира кетса... Хуллас, автомобиль бошқараётган хоним йўлда ҳар қандай вазиятларга дуч келиши мумкин. Бундай пайтда хотиржамликни сақлаш учун асаблар темирдан бўлиши керак.
Тез ёрдам. Энг яхши маслаҳат — «ахмоққа йўл беринг!» деган қоида. Йўл тирбандлигида автомобилингиз узоқ вақт туриб қолса, ойналарни ёпиб, сокин мусиқа тингланг. Гарчи шошилаётган бўлсангиз ҳам машиналар тиқилинчидан чиқиб кетишга асабийлашиш ёрдам бермайди.
4. Жуда муҳим учрашув
Айтайлик, Янги иш топдингиз. Ўзингиз ҳақингиздаги маълумотномани топшириб қўйганингизга анча вақт бўлган ва ниҳоят иш берувчи сизни суҳбатга таклиф этди. Кечаси билан соҳангизга доир маълумотлару янгиликларни ўргани чиқдингиз. Эрталаб эса бу маълумотлардан асар ҳам қолмаган, аммо кам ухлаганингиз туфайли кўзларингиз остидаги қорамтир шишлар аниқ-равшан кўриниб турибди. Аёл киши бундай вазиятда асабийлашмай тура оладими?
Тез ёрдам. Муҳим келишувлардан олдинги куни яхшилаб дам олинг. Учрашув олдидан эса ҳаяжонни енгишнинг бир осон йўли бор: чуқур нафас олиб, секин чиқаринг. Шу тарзда ўн марта такрорласангиз, ҳаяжонингиз анча босилади.
5. Сўз жанги
Бу вазиятда ўзингизнинг ҳақлигингизни билиб турасиз-у, буни исботлаб беролмасангиз, асабийлашгандан ҳатто овозингиз қалтирай бошлайди. Қочиб кетгингиз ва тўйиб йиғлагингиз келади.
Тез ёрдам. Асабларни асраш ва хотиржам бўлиш учун сукут йўлини танланг-да, «рақиб»ингизга разм солинг. Кўпинча биргина нигоҳ қанча сўзларнинг ўрнини босади. Агар жим туриш қўлингиздан келмаса, баҳсни кейинроққа қолдиришни сўранг. Вақт ўтиб, асаблар бироз «совигач», бу баҳс давом этмаслиги ҳам мумкин.
6. Худди Цицерондек…
Тасаввур қилинг, сиз конференция залидасиз. Ҳадемай чиқиш қилиш навбати сизга етади. Ҳамманинг нигоҳи сизда ва бу вазиятда томоғингизга нимадир тиқилгандай бўлади. «Қанийди буюк нотиқ Цицерондай бўлиб қолсам ва ҳаммани ўз нуқтим билан лол қолдирсам», деб орзу қиласиз. Бундай ҳаяжонли дамларда хотиржамликни сақлаш хаёлга ҳам келмайди.
Тез ёрдам. Муҳим учрашув олдидан эрталаб севимли қўшиғингизни куйланг. Ижрода ўзингизни қўшиқчилардек тутишга ҳаракат қилинг. Бу муҳим чиқиш олдидан овозингиз учун ҳам машқ бўлади. Нутқдан бир неча дақиқа олдин қўллар машқини бажаришингиз мумкин. Бунинг учун кафтларингизни бир-бирига чалиштириб, икки қўлингизнинг бош бармоқларини бир-бирининг атрофида айлантиринг. Бу оддий машқ асабийликни бартараф этади.
7. Билимни ошириш вақти келди!
Ишхонада навбатдаги аттестация. Олдинда муҳим имтиҳон кутаяпти. Ишингиздан айрилишингиздан чўчиб, хотиржамликни йўқотишингиз мумкин.
Тез ёрдам. Кўпчилик имтиҳондан бир кун олдин китоб варақлашга, билимини оширишга ҳаракат қилади. Бу эса ҳар доим ҳам ўзини оқлайвермайди. Ишингиз юзасидан қизиқ воқеаларни ҳам эсга олиб, тайёргарлик кўриб қўйинг. Бу жимгина тургандан кўра яъшироқ. Билимингиз «5»га лойиқ бўлмаса, ҳеч бўлмаса қизиқувчанлигингиз атрофдагиларни жалб этиши аниқ.