Панжара ортидан мактублар: “Келажагимни барбод қилдим...”

Қўшилди: 08 май 19:00
Кўрилди: 249
Комментарии: 0
Панжара ортидан мактублар: “Келажагимни барбод қилдим...”
Ўзига тўқ оиланинг ёлғиз қиз фарзанди эдим. Дадамнинг тижорат ишлари яхши, шу сабабли онамнинг ишлашига ҳожат йўқ эди (дадам шундай ҳисоблардилар). Ҳеч кимдан кам қилмай ўстирдилар, тарбия бердилар. Спортга ҳам қатнаштириб, соғлом улғайтирдилар. Ўрта таълим муассасасини тамомлаб, нуфузли университетларнинг бирига, ҳужжат топшириб, имтиҳондан ўтдим. Шартнома асосида ўқишга қабул қилиндим. Аъло баҳоларга ўқиб таълим ола бошладим...
Бир куни уйимизга мен танимайдиган, авваллари умуман кўрмаган дадамнинг дўсти келди. Улар жуда узоқ вақт баҳслашдилар. Муросага келишди чоғи жимиб қолишди. У одам кетди. Биз дадамнинг ишларига умуман аралашмасдик. Онам доим "бизни боқаяптими тамом, шунинг ўзи етарли. Қаердан пул топишни ўзи ҳал қилади" — дердилар.
Дадам эртасига ишдан келиб зудлик билан уйни бўшатиб қўйишимиз кераклигини буюрдилар. Савол беришга ҳаддим сиғмай, буйруқларини сўзсиз бажаришга киришиб кетдим. Онам эса шундай ғазабланардиларки, дадам билан бир соатларча қаттиқ жанжаллашишди. Кўз ёшларим бўғзимга келган, нима бўлаётганлигига ақлим етмасди. Дадам миқ этмадилар. Бошларини чангаллаб қуйи солган бўйи ўтиравердилар. Онам эса тинимсиз йиғлар, гоҳ бақириб, гоҳ пичирлаб дадамни койирдилар. Уйимиздан қимматбаҳо тилла тақинчоқлар, кийим-кечаклар ва шахсий буюмларимизнигина жойлаб фақатгина олти чемодон нарса олдик холос. Уй жиҳозларини олишга дадам рухсат бермадилар.
Шу куниёқ шаҳарнинг четроқ қисмида жойлашган бир ҳовлига ижарага кўчиб ўтдик. Дадам ортиқча сўз гапирмас, онам ҳам койийвериб анча ҳолдан тойган эдилар. Шу зайлда кунлар кунга уланиб бораверди. Ўша нотаниш киши уйимизга келган кундан буён барча нарсани йўқотдик. Уй-жой, мол-давлат... Ҳаттоки дадам тижорат юритишдан ҳам маҳрум бўлдилар. Дадам, ўша бегона кишидан катта миқдорда қарз олиб уйимизни гаровга қўйган эканлар, фоизи ортиб кетиб тўлай олмабдилар.
Доим бадавлат бўлиб яшаган инсон бундай жудоликни кўтара олмас экан. Юраклари хуруж қилиб, фалаж бўлиб қолдилар. Онам ҳар куни дод-вой солиб дадамни силтардилар. Рўзғор қилиш юки менинг зиммамга юклатилди. Талабалик стипендиямни анча вақтдан бери йиғиб қўйганим учун аввалига қийналмадим. Дори-дармонлар ва ижара ҳаққи учун эса қимматбаҳо тақинчоқларимизни бирин-кетин сота бошладик.
Дадамнинг дардлари ўзларига етарли. Мен эса ўқийман. Хуллас, онам ҳеч қаерда ўқимаганлари учун иш топа олмадилар. Маҳалладаги аёллардан бири уларга қаерга бориб ёрдам сўраш кераклигини уқтирибди. Шу куниёқ онам ўша хонадонга кетдилар. Алламаҳалгача кутдим. Тун яримлаб қолганда онам хуш кайфият билан кириб келиб, қўлларидаги халтадан анвойи егуликларни олиб, бирин-кетин дастурхонга қўйдилар.
Савол беришга ҳам улгурмадим. Хурсандчиликдан бўлган воқеани гапириб беришга тушдилар, "Қўшни аёл айтган манзилга бордим. Ичкаридан ўзимни таништиришимни сўрашди. Қўшни аёл тайинлаган гапларни айтдим. Дарвоза эшиги очилиб, мени бир аёл очиқ чеҳра билан ичкарига таклиф қилди. Оиламиз ҳақида сўраб суриштирди, барчасини гапириб бердим. Тушунган аёл экан, ўзини Дилором деб таништирди. Мени ҳеч қандай гап-сўзсиз ишга қабул қилди. Менга ўша хонадон бекаси ўзига ёрдамчи бўлишимни тайинлади.
Бугундан иш бошлашим мумкинлигини айтди. Қиладиган юмушим жуда енгил бўлиб, хонадонга келувчи меҳмонларга ҳеч қандай саволларсиз чой ташиш эди. Уйга қайтадиган вақтимда бир даста пул ва егуликлар солинган халтани "аванс" дея қўлимга тутқазиб юборди", — дея сўзларини тамомлаб, дадам ётган хонага кириб кетдилар.
Мен анча енгил тортдим. Онамнинг кайфиятлари жойида, дадамга ҳам бугун ўшқирмадилар, хайрият. Яхши кунларимиз қайтаётгандек туюлди гўё"…
Орадан икки кун ўтмасдан дадамни ногиронлар уйига жойлаштирдик. Бунга ўша онамни ишга олган хонадондагилар ёрдам беришди. Онам ишга тушганларига кўп бўлмаган бўлса-да, дадам қаровсиз қолиб кетаётгандилар. Мен ҳам йил якуний имтиҳонларга тайёргарлик кўриб ўқишдан кеч қайтардим. Дам олиш куни Дилорам опа мени ҳам онам билан бирга боришимни сўрабди. Бирга бордим, уларни ҳеч бирини танимаганим учун ошхонадан чиқмадим. Уларникига жуда ҳам кўп аёллар, қизлар таълим олгани келишаркан, мен буни ўша куниёқ билиб олдим.
Мен замонавий кийиниб олгандим, келувчилар мени кўриб қолишса ғалати қараб бир нималар дея пичирлаб ўтишарди. Кеч тушиб ҳамма тарқагач, биз ҳам уйга қайтишга тайёргарлик кўраётганимизда, Дилором опа:
— Қизингизни доим бирга олиб келаверинг. Маошини икки баробар қилиб бераман. Сизга ҳам ёрдамчи бўлади. Истаса, бизнинг жамоатга қўшилиб таълим олиши мумкин, фақат илтимос мана бу уст-бошини алмаштириб, ҳудди бизлардек кийиниб олсин. Кўча-куйда бундай юриш гуноҳи-азим. Мен сизга диний китобларимиздан бераман ўқиб озгина бўлса ҳам тушунчага эга бўлинглар. Сизлардек гўзал аёлларимиз муслима бўлмоқликлари керак, — деб бизга кийимлар, китоблар бир қанча пул ҳам берди. Анча кеч бўлиб қолгани учун бизни уйгача машинада Дилором опанинг укалари Рашид ака элтиб қўйди.
Қизиқувчанлик кучлилик қилиб тонг отишини ҳам кутмасдан китобга кўз югуртириб чиқдим. Диний китоб экан. Бу ҳақда аввал тушунчага эга бўлмаганим учун, менга қизиқ туюлди. Муқаддимани ўқиб "Жаннатга йўл" олиш учун жамоатга қўшилиб амирлар айтган ишни қилиш кераклиги ёзилганига кўзим тушди. Яхшилаб танишиб чиқмоқчи бўлдим. Ўқир эканман негадир бу ерда ёзилган нарсалар биз яшаётган ҳаётдан тубдан фарқ қилишини англадим. Китобдаги битиклар қўрқинчлидек туюлди менга. Ушбу китобда "қизлар балоғатга етган захотиёқ никоҳга бериш кераклиги, аёллар эса эрсиз юрмасликлари, "ношаръий" таомлари истеъмол қилмаслик, кофирларни қириб ташлаш, бу ерда ўқиган нарсаларига амал қилиб, бошқаларни ҳам шунга даъват қилиш" таъкидланганди.
Бу нарсалар шунчалик чуқур ёритиб берилгандики, шу ва шунга ўхшаш сўзлар билан фикрни заҳарлайдиган даражага етакларди. Ўша дамда буларни англаб етмаган эканман. Аксинча, мен дин учун ўз жонини фидо қилиб, "шаҳид" бўлиб, "Жаннатга йўл" олишни хаёлдан ўтгазган эдим. Диний маълумотлар дарсини эндиликда Дилором опанинг уйида ётиб қолган ҳолда ола бошладим. Бу дамда мен "ҳижоб" кия бошлагандим. Энди ўйласам, ўзим билмаган ҳолда таги пуч ғояларга эргашиб, чуқурлашиб кетган эканман. Ўзига яраша, замонавий ҳаёт кечирадиган қиздан, аллақандай диний либосга ўранган, “муслима”га айланиб қолганимни сезмай қолибман.
Университетимдаги дарсларни кўп қолдирганим учун мени ўқишдан четлатишди. Онамни эса Рашид ака ўз қарамоғига олди. Улар "шаръий" никоҳдан ўтишди. Бунга қаршилик қилмадим. Чунки мен ўқиётган китобларда аёлнинг эрсиз юриши қатъиян ман қилиниб, албатта, кимнингдир никоҳида бўлиш лозимлиги ёзилганди. Рашид ака онамни олиб бошқа бир давлатга ўз сафдошларимизни кенгайтириш учун "жиҳод" қилгани кетишди. Уларни қайтиб кўрмаслигим мумкин эди. Бу хонадондаги барча аёллар шундай қилишарди. Ҳаттоки, бирга яшаб турган турмуш ўртоқлари бу ерга келиб дарс олмасалар, бошқа бир эркак билан никоҳланиб "жиҳод"га чиқишарди.
Бу хонадонга келганимга бир йилча вақт бўлганди. Дилором опа мени худди ўз қизидек тарбия қилиб, қўлимни сўраганларнинг ҳеч бирига бермасди. "Бунга ҳали вақт бор" — деб қўярди. Менинг спорт билан шуғулланганим Дилором опага жуда маъқул келганди. У бундан хурсанд бўлиб, менга мос турмуш ўртоқ танлаб қўйганини айтди. Дилором опанинг олдига тез-тез келиб турувчи Ёдгор исмли йигитга мени никоҳлаб қўйиш режалаштирилган экан.
Биз тенгдош эдик. Бизнинг "шаръий" никоҳимизни ҳам тезда ўқиб қўйишди. Ҳеч қандай тўйсиз, хурсандчиликсиз келин бўлдим. Эндиликда биз "жиҳод" қилишлик учун бирга тайёргарлик кўра бошладик. Ёдгор ҳам мендек ўқишдан ҳайдалган, аммо ақлли йигит эди. Бир нечта тилни яхши билар, бу эса бизга "жиҳод" қилиб мусулмонларни сафини кенгайтиришда жуда катта асқотарди. Амиримиз буюрганларидек биз, чамаси икки ойлардан кейин тунда йўлга отландик. Қандайдир йўллар билан уч кун деганда айланма йўллар орқали чегарадан ўтиб кетдик. Айтилган манзилда бизни кутиб олишди.
Сардорлар билан маълумот алмашдик. Бизни эндиликда қурол билан ишлашга ўргатишни айтиб ўтишди. Ёдгорга мени "талоқ қилиши” лозимлигини, "амир" мени сўраётганини тайинлашди. Ёдгор қаттиқ қаршилик қилди. Мен шу дамда ичимдаги туйғуларим исёнига чидай олмай, бор овозим билан уларга бақира кетдим. Орқамдан кимдир мени бошимга уриб ҳушимдан кетказди. Ўзимга келганимда менга энди озод эканимни эрим "талоқ" бериб ўзи жўнаб кетганини билдиришди.
Шу дамда мен ўз эримдан нафратлана бошладим, ҳаммасини ўйлаб олишимга сабаб бўлди бу воқеа.
Аслида мен хатони ўша илк бор Дилором опанинг хонадонига борган кунимда қилганимни тушуниб етдим. Йиғлаган куйи бир ҳафталар чамаси хонадан чиқмадим. Кўнглим айниб ўзимни беҳол сеза бошладим.
Ўша ердаги аёллардан бирига буни айтган захотим, томир уришимни текшириб, ўрнидан сакраб туриб, лабларини тишлаб у ёқда-бу ёққа юра кетди. Менга ҳомиладор эканимни айтганида, нафас олишни унутаёздим. Миямга бир фикр ялт этиб келди. Ҳалиги аёлга буни ҳеч кимга айтмаслигини илтимос қилиб ҳомилани йўқотишга ёрдам беришини сўрадим.
Аслида бундай қилиш ниятим йўқ эди. Шунчаки бу аёлга ишониб бўлмаслигини билиб, чалғитиш эди ниятим. Оқшом пайти аёл менга қандайдир дамлама тайёрлаб келтирди, "мана ичиб ол, ҳомиланг тонггача тушади, аммо бу оғриқли бўлиши мумкин, чида" — дея қўлимга тутқазиб чиқиб кетти. Мен эса ўйлаганларимни амалга ошириш пайига тушдим. Дамламани тўкиб, бир оз вақт ўтиб худди уни ичгандек букчайиб олиб дод солиб бақириб йиғладим. Буни аниқки, ҳамма эшитди. Эшик тагида қоравуллик қилаётган аёл ҳеч кимни ичкарига киритмади. Аёл ҳаммаси сохта эканини билмаган.
"Бечора азоб чекаяпди, уни тинч қўйинглар. Ўзига келиб олсин" — деди. Тонг ёришди. Энди, ҳатто менга юклатилган жирканч буйруқларни ўйламасдим ҳам. Бу ердан соғ-омон қочиш режасини туздим. Бунинг учун "амирга" эмас аксинча, бизни кутиб олган лашкарбоши "сардорга" турмушга чиқиш керак эди. У мени бу ердан узоққа юбориши табиий эди. Сабаби, агар "амир" буни билса уни ҳам йўқотиб юбориши ҳеч гап эмасди. Бунинг учун "сардорни" хонага киришини кутдим.
"Сардор" келган заҳоти уни бағрига ўзимни отдим.
— Сардорим, илтимос, мени "амир”га берманг. Мен биринчи келган кунимдаёқ сизни ёқтириб қолганман. Мени ўз никоҳингизга олинг. Дилором опа ҳам сизни доим мақтардилар, сизни ёнингизга келиш учун анча вақт кутдим. Бизнинг шаҳардаги "амиримиз" ўрни бўш, сизни ўша ерга боришингизни тайинлагандилар. Лашкарбошиликдан "амирликка" ўтишингиз учун бу энг қулай вазият", — дедим ялинган куйи.
"Сардор" ҳозироқ бизни никоҳлаш учун дўстини чақириб келишини айтиб чиқиб кетди. "Оллоҳ менинг ноламини эшитди", хитоб қилдим. Беш дақиқа ўтиб "Сардор" бир аёлни никоҳга тайёргарлик кўриш учун менга ёрдамга юборибди. Ювинтириб, кийимларимни алмаштириб юзимни бутунлай ёпиб қўйди. Ярим соатлар чамаси эшикдан икки эркак билан "сардор" кириб келди. Аёл мени ёнимга ўтирди, бошимдан катта рўмол ташлаб юзимни бутунлай ёпиб қўйди. "Шаръий" никоҳ ўқиб бўлинди. Биз иккимизни хонада қолдириб, улар чиқиб кетишди. Хона қоронғу эди. Тонг ёришгандагина яна бир хато қилганимни англадим. Ёнимда "сардор” ўрнига бошқа бадбашара киши ётарди. Хона эшиги тақиллаб, ичкарига "сардор" кирди. "Амирни уйғотиб юборишимни сўради. Ўз тўримга ўзим илинганимни билганимда кеч эди. Ўзимни тақдир ҳукмига топширишдан бошқа илож қолмаганди. Тушлик вақти лашкарбоши келди. "Амир" мендан воз кечганини, "талоқ" қилиб юборганини айтди. Ичимдан нимадир узилгандек бўлди. Хурсанд бўлишни хоҳласамда негадир хавотирлик воқеа рўй берадигандек дилим хира бўлди.
Бекорга хавотирланмаган эканман. Мени яна бошқа бир кишига никоҳлашди. Бу ҳол ҳар куни такрорланарди. Қўлдан-қўлга ўтказиб "сардор"га қилган таклифим учун мени қаттиқ жазолашди. Мен ичимдаги фарзандимдан хавотирда эдим. Уларга бўйсунишдан бошқа иложим қолмаганди.
Эндиликда бизни бошқа жойга кўчиришди. Ҳар куни турли диний мавзуларда маърузалар ташкил этиларди. Бир куни тушлик вақти эди. Ҳамма овқатланиш билан овора, бировнинг биров билан иши йўқ. Қулай вазиятдан фойдаланиб, бир амаллаб у ердан қочиб кетишга эришдим.
Йўлда бир сахий инсонни учратиб, унинг кўмаги билан икки кун деганда шаҳар марказига етиб келдим. Ўша мамлакатдаги Ўзбекистон элчихонасига бориб ҳамма бошдан кечирганларимни айтиб улардан ёрдам сўрадим. Яхшиямки, улар мени тўғри тушунишди ва мамлакатимизга қайтариб юборди.
Ватанга келганимдан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига кўрган-кечирганларим ҳақида батафсил баён қилдим. Ўзбекистонда одиллик, инсонпарварлик тамойиллари юқори эканлигидан келиб чиқиб, давлатимиз мени кечирди. Лекин бир умр виждон азобида ўтсам керак! Мен ҳозир шундай афсусдаманки, буни шунчаки қоғозга тушира олмайман!
Фарзандим мана шундай тинч-осуда диёрда дунёга келгани менга таскин беради. Унга Умид дея исм қўйдим. Ўз юртимда эканимдан, фарзандим борлигидан мамнунман. Ва бу мени яшашга ундайди!
Шукрия

Манба: Darakchi.uz