Жавоҳир Зокиров кастингдан ўтолмагани, фарзандларининг қизиқишлари ва Наргиз Зокированинг Ўзбекистонга қайтиши ҳақида

Қўшилди: 07 май 16:00
Кўрилди: 729
Комментарии: 0
Жавоҳир Зокиров кастингдан ўтолмагани, фарзандларининг қизиқишлари ва Наргиз Зокированинг Ўзбекистонга қайтиши ҳақида
Актёр Жавоҳир Зокиров «Darakchi.uz» нашрига берган интервьюсида кастингдан ўтолмагани, фарзандларининг қизиқишлари, Наргиз Зокированинг Ўзбекистонга қайтиши ва бошқалар ҳақида гапириб берди.

Ўзининг янги фильми — «Тошкентим — онам» ҳақида
Режиссёр сифатида учинчи фильмимни тақдим этиш арафасидаман. Бироқ «Тошкентим — онам» муаллифлигимдаги илк йирик кинолойиҳа. Бу картина меҳр-оқибат ва муҳаббат мавзусида. Бу гапимни ўқиганларнинг «Яна ўша мавзуми?» дея энсаси қотиши мумкин. Лекин дунёга машҳур режиссёрлар ҳам бу мавзуга турлича ёндашиб, томошабиннинг эътиборини қозониб келган. Мен ҳам бу мўъжизавий ҳис-туйғуларни ўзимдан келиб чиққан ҳолда экранга олиб чиқишни истадим. Сценарий муаллифи, турмуш ўртоғим — Шаҳризод Ғуломова. У билан биргаликда ҳаётимиз давомида кўрган воқеаларни бадиийлаштириб фильм қилдик. Уни муносиб баҳолашади, деб умид қиламан. Энди фильмнинг номланишига келсак. Турли феъл-атвордаги қаҳрамонларнинг тақдири айнан пойтахтимиз — Тошкент билан узвий боғлиқ. Энг қизиғи, томошабинлар биринчи марта экранда ҳаётдаги Жавоҳирни кўришади. Яъни, мен фақат режиссёрлик билан чекланмадим (кулади). Шунингдек, фильмда машҳур актёр Фарҳод Маҳмудов билан ҳам яқиндан «танишишлари» мумкин. Яъни, Фарҳод ҳам фильмда ўзини «ўйнади».
«Меҳмонхона» сериалидаги роли ҳақида
Муаллиф Нурилла Аббосхон сериалнинг иккинчи мавсумида айнан мени тасаввур этган ҳолда сценарий ёзган экан. Қаҳрамонимнинг характери жуда қизиқ. Аввал салбий образда бўлиб, кейин воқеалар ривожида яхши томонга ўзгариб боради. Сериал ва ундаги ролим ҳақида фақат шуни айтишим мумкин. Чунки айрим сабабларга кўра, ҳозирча, тасвирга олиш ишлари тўхтатилган. Аммо умид қиламанки, тез кунда яна давом эттирамиз.
Россиянинг «Биринчи канал»и буюртмасига биноан суратга олинган «Олтин Ўрда» сериалида ҳам суратга тушгани ҳақида
Ушбу сериал ҳақида шунчаки гапириб ўтиш нотўғри, назаримда. Режиссёр, актёрлар ва умуман ижодий гуруҳнинг ҳар бир аъзоси ҳақиқий профессионаллар эди. Улар қаторида мен ҳам бўлганимдан жуда хурсандман. Тарихий-фентези жанрида суратга олинган фильмни томоша қилиб, турли даврларда рўй берган воқеаларга гувоҳ бўлишингиз мумкин.
Фильмдаги мунажжим ролига нега айнан мени танлашганини рости, ўзим ҳам билмайман. Лекин бунга осонликча эришганим йўқ. Киносиновга фақат учинчи гал борганимдагина режиссёр ва продюсер мени ролга тасдиқлашган. Шунча қийинчиликларга қарамай, бу лойиҳада иштирок этганимдан хурсандман.
Хорижлик режиссёр ва продюсерларнинг актёрларимизга бўлган қизиқиши жуда кучли. Афсуски, улар бизнинг аксарият картиналаримизга юқори баҳо беришмайди. Лекин менимча, ривожланиш бор. Вақти-соати етиб, ўзбек киноси ҳам дунё миқёсига чиқишига ишонаман.
«Мирзо Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон» фильмидаги Абдуллатиф роли ҳақида
Бу фильм ва роль мен учун жуда қадрли. Режиссёр Баҳодир Йўлдошев ва Голливуд актёрлари билан биргаликда мароқ билан ишладик. Фильм ҳақида ҳамма гапириб, кетма-кет хабарлар чиқди-ю, лекин негадир яна жим бўлиб қолишди. Премьерани мен каби иштиёқ билан кутаётган инсон бўлмаса керак. Чунки қаҳрамонимни гавдалантиришда жонимни бериб ишладим, юрагимдан ўтказган ҳиссиётларимни ҳозир тушунтириб беролмайман. Фильмни томоша қилгач, мени яхшироқ тушунсангиз керак. Шунинг учун келинг, бу кино ҳақида премьерадан сўнг гаплашамиз…
Хонандалик фаолияти ҳақида
Фаол хонанда бўлиш учун молиявий томондан жуда бақувват инсон бўлишингиз керак. Менинг ижодга бўлган қарашим ҳозирги баъзи хонандаларникидан фарқ қилади. Бугун тингловчиларга ёқса-ёқмаса, «Рейтингни ушлаб туриш керак. Тўйларим камайиб кетмасин», деб куйлашяпти. Мен бундай қилолмайман. Қўшиқ юракдан чиқиши шарт.
Руслан Шарипов билан муносабатлари ҳақида
Ростини айтишим керак, Руслан билан кўришмаганимизга анча бўлди. Ўтган йили интернетда унинг суратларини кўриб, кўнглим оғриди. Кучли иқтидор эгаси шундай аянчли аҳволга тушиб қолганидан жуда хафа бўлдим. Биласизми, машҳурликни кўтариб юриш осон иш эмас. Ҳамманинг тилига тушган пайтда тарқалган гап-сўзларни енгиб ўтиш учун иродаси бўшлик қилди, деб ўйлайман. Лекин бу вазиятда унинг оиласи ва энг асосийси турмуш ўртоғи дастак бўлиши шарт. Айнан улар, бегоналар тош отганда ёки миш-миш тарқатганда, Русланнинг ёнида туриб, унга далда бўлганда, қўллаб-қувватлашганда ҳозирги ҳолат юзага келмасмиди, балки… Ахир ҳар бир буюк эркак ортида, буюк аёл туради, деган гап бекорга айтилмаган-ку?!
Ўзбек хонандаларининг ижоди ҳақида
Улуғбек ва Жаҳонгир Отажоновларнинг қўшиқлари ёқади. Жаҳонгир концертига таклиф этган эди, ишлар билан бўлиб, боролмадим. Унинг жонли ижрода куйлашини ҳурмат қиламан.
2001 йил «Истиқлол» санъат саройи­да яккахон концерт дастуримни тақдим этганман. Фонограммада куйлагандим, ўшанда. Концерт якунига етгунча, ўзим ҳам тамом бўлай дегандим. Саҳнага чиқиб ёлғондан, ўзимни худди қўшиқ куйлаётгандек тутганимни ҳазм қилолмай, виждоним қийналган. Чунки аслида, фонограммани жиним суймайди. Шу сабаб ҳам бугунги концертларга бормайман. Майли, мини-дискни қўйиб, куйлашсин, кимдир буни ўзига эп кўрар, лекин шунга яраша чипталар нархини 5-6 баробарга арзонлаштиришсин. Ахир, фоно­грамма томошаси учун юз минг сўмлаб пул тўлаш нотўғри-ку? Бундай хонандаларга фақат инсоф сўрайман…
Қариндоши Наргиз Зокирова ҳақида
Наргиз бугун фақат мен билан гаплашиб турибди. Иши кўп, гастроль сафарлари кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Ўзбекистонга нега келмаётгани сабаби ҳақида эса ўзи гапиргани маъқул, бу ҳақда мен гапиришим ноўрин. Бироқ шу кунларда уни Ўзбекистонга қайтариш ҳақида ўйлаб юрибман. Унинг концерт дастуридан юртдошларимиз ҳам баҳраманд бўлишларини истайман. Уринишларим бесамар кетмаса, албатта, у билан кўришасиз…
Фарзандларининг қизиқишлари ҳақида
Кенжатойимиз Саид Карим ҳақиқий санъаткор. Рафиқам иккимиз унинг ҳаракатларини кўриб, ҳозирдан келажакда қайси касбни эгаллашини билиб турамиз. Аслида мен унинг опера хонандаси бўлишини истайман. Унинг йўғон овозини эшицангиз, ўзингиз ҳам бунга амин бўласиз. Яқинда қизимга кинода роль ижро этасанми, десам, рад этди. Негадир, болаларим тенгқурлари сингари экранга чиқишга қизиқишмайди, бошқаларнинг кўзидан йироқ бўлишни исташади.
Ўғлим жуда эрка. Ўзини эркин тутишга ўрганган. Атрофимиздагиларнинг айтишича, уни жуда талтайтириб юборганмиз. Балки шундайдир, билмадим… Ҳали кичкина деб унча қаттиққўллик қилмасдим. Бироқ энди секин-секин чегаралар қўйиляпти. Чунки келажакда айнан шу эркалиги учун ҳаётда қийналиб қолишини истамайман.
Ҳаётий қарашлари ҳақида
Кўп нарсалар ўзгарганини сезяпман. Масалан, бу дунёда оила ва фарзандлардан муҳим ҳеч нарса йўқлигини тушуниб етдим. Иш, санъат, бойлик, машҳур инсон бўлиш ҳаммаси аҳамиятсиз, аслида. Инсон фақат яқинларининг ёнида, уларнинг қалбида бўлиши керак. Қолганлари иккинчи даражали. Биласизми, болалигимда ота-онам кўп ишлашарди. Шунинг учун кўп вақтим бувимнинг уйи­да ёки улар билан биргаликда гастрол сафарлари, тасвирга олиш майдончаларида ўтган. Бугун мен бундай қилмаяпман. Бўш вақт топдим дегунча оиламга, болаларимга эътибор бериб, биргаликда вақт ўтказамиз ва доим шундай бўлади. Ҳаётим давомида қўлимдан келганча уларга ёрдам беришни ният қиламан.