Олимлар полиэтилен пакетлари билан озиқланадиган капалак қуртини аниқлади

Қўшилди: 26 апрел 11:00
Кўрилди: 725
Комментарии: 0
Олимлар полиэтилен пакетлари билан озиқланадиган капалак қуртини аниқлади
Олимлар катта мум куя қурти полиэтилен пакетларни парчалаб юборишга қодир эканлигини аниқлади. Уларнинг тадқиқот натижалари Current Biology нашрида эълон қилинди, деб хабар берди «РИА Новости».
«Ушбу кашфиёт чиқиндихона ва океанларда йиғилиб бораётган улкан миқдордаги чиқиндидан қутулишда ёрдам бериши мумкин», — дейди тадқиқотчилардан бири, Кембриж университети профессори Паоло Бомбелли.
Полиэтилен табиий шароитда жуда секин парчалангани учун атроф-муҳитга катта муаммо туғдириб келмоқда.
Асаларичиликка ишқибоз биолог Федерика Берточчини катта мум куя қурти личинкаси уясидан лотинчада Galleria mellonella номи билан аталувчи зараркунанда-капалакни топиб олган. Берточчини капалак қуртларини полиэтилен пакетга йиғиб солган, аммо бироз вақтдан сўнг пакетни кемириб ташлангани ва қуртлар уй бўйлаб тарқалиб кетганини пайқаб қолган.
Берточчини Кембриж университетидаги ҳамкасблари билан тўлақонли тажриба ўтказиб, бир неча юз капалак қуртини супермаркетдан олинган полиэтилен пакетга жойлашган. 40 дақиқадан сўнг олимлар биринчи тешикни топди, 12 соатдан кейин эса қуртлар 92 миллиграмм полиэтиленни еб қўйгани аниқланди.
Олимларнинг айтишича, капалак қуртларининг бу каби хусусияти ундаги темир моддаси билан ёки уларнинг овқат ҳазм қилиш тизимидаги симбионт-бактерияларга боғлиқ бўлиши мумкин.
Куя қуртининг ушбу тури мум билан озиқлангани сабаб, унда полиэтиленни қайта ишлаш қобилияти пайдо бўлган бўлиши мумкин. Олимлар кейинчалик керакли ишни бажараётган моддани ажратиб олиб, уни сунъий йўл билан синтез қилишга умид боғламоқда.