Ўзбекистон Миллий боғида Адиблар хиёбони барпо этилади

Қўшилди: 19 апрел 12:00
Кўрилди: 478
Комментарии: 0
Ўзбекистон Миллий боғида Адиблар хиёбони барпо этилади
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида Адиблар хиёбонини барпо этилади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бу ҳақдаги қарорни 18 апрель куни имзолади.
Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Ҳамид Олимжон ҳайкали, Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида ўрнатилган Ғафур Ғулом ҳайкали ва Ўзбекистон давлат санъат музейи ёнидаги хиёбонда ўрнатилган Зулфия ҳайкали Адиблар хиёбонига кўчирилади.
Бундан ташқари, атоқли олим ва жамоат арбоби Озод Шарафиддинов, Ўзбекистон халқ шоирлари Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуаларини барпо этиш бўйича ижодий танлов эълон қилинади.
1991 йили Миллий боғ ҳудудида шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг ҳайкали барпо этилган. Ушбу ҳудудда Ўзбекистон халқ ёзувчилари Абдулла Қаҳҳор (2007 йилда), Ойбек (2010), Саид Аҳмад ва шоира Саида Зуннунова (2013) хотираларига бағишлаб ёдгорлик мажмуалари ўрнатилган.
Боғда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси учун замонавий янги бино қурилади. Шу ҳудудда жойлашган Ўзбекистон маданияти ва санъати кўргазмаси биноси Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тасарруфига ўтказилади ва бу ерда доимий равишда китоблар кўргазмалари ва тақдимотлари, турли адабий-маърифий тадбирлар ўтказилади.
Қарор Миллий боғни «халқимиз, авваламбор, ёшларимизнинг маданий-маърифий савиясини юксалтиришга хизмат қиладиган гўзал ва бетакрор масканга айлантириш»га йўналтирилган.