Асаббузарликлар асоси — асоссиз қарздорликларми?

Қўшилди: 14 апрел 09:30
Кўрилди: 154
Комментарии: 0
Асаббузарликлар асоси — асоссиз қарздорликларми?
Сўнгги пайтларда коммунал соҳа идоралари ходимлари, аниқроғи, ҳудуд назоратчилари томонидан истеъмолчилар гарданига асоссиз қарздорлик юклаш ҳолатлари тобора кўпаяётгани кўпчиликда ташвиш уйғотмоқда. Асоссиз қарздорлик муаммосини бартараф этиш мақсадида тегишли идораларга келаётган ариза-шикоятлар сони ошиб бораётгани бу масалани жиддийроқ таҳлил қилишга ундайди. Қуйида «Biznes-Daily.uz» муаммога мисоллар асосида тўхталиб ўтади.
Назоратчининг хатоси туфайли…
Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг Хоразм вилояти ҳудудий бошқармасига ўтган 2016 йил мобайнида истеъмолчилардан келиб тушган мурожаатларнинг 173 таси (жами мурожаатларнинг 79,4 фоизи), 2017 йилнинг 1-чораги давомида йўлланган ариза ва шикоятларнинг 110 таси (75,9 фоиз) коммунал хизматлар, яъни табиий газ, сув, электр ва иссиқлик энергияси таъминоти соҳасига тўғри келади.
Гап шундаки, ушбу мурожаатлардан кўзланган мақсад битта — назоратчи томонидан истеъмолчи гарданига юклатилган ошиқча қарздорликни, асоссиз равишда талаб қилинаётган тўловни бартараф этишга ёрдам сўраш.
Ҳудудий бошқарма томонидан Урганч шаҳрида яшовчи Б.Худойбергановнинг аризасига кўра ўтказилган ўрганишлар натижасида унинг хонадонига «Урганчшаҳаргаз» филиали томонидан табиий газ учун асоссиз равишда жуда катта миқдорда қарздорлик ҳисоблангани қайд қилинган.
Ўрганишлар давомида, ҳақиқатан ҳам, «Урганчшаҳаргаз» филиали назоратчисининг нотўғри ҳисоб-китобига кўра Б.Худойбергановга фойдаланилмаган газ учун 574 570 сўм, газ ҳисоблагичнинг қиёслов муддати ўтганлиги рўкач қилиниб 149 719 сўм асоссиз тўлов белгилангани маълум бўлди. Натижада ҳудудий бошқарма аралашуви билан Б.Худойберганов хонадонига асоссиз юклатилган 724 289 сўм миқдоридаги тўлов қайта ҳисоб-китоб қилиниб, истеъмолчи фойдасига ҳал этилди.
Газ йўқ, лекин қарз бор
Истеъмолчи манфаати ҳимоя қилинаётганлиги яхши, албатта. Аммо асоссиз қарздорлик ёзилиши билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг тез-тез учраётгани кишини ташвишга солмаслиги мумкинми? Нима сабабдан соҳа ходимлари, яъни назоратчилар ўз билганларича ҳисоб-китоб қилиб, аҳолида коммунал соҳада кўрсатилаётган хизматлардан норозилик уйғонишига сабаб бўлмоқда? Сунъий тарзда қўшиб ёзишлардан назоратчининг мақсади нима? Бу эътиборсизлик натижасими ёхуд режали асосда қилиняптими?
Ҳисоб-китобдаги аниқ ҳолатдан кўра уни чалкаштиришдан кимга фойда-ю кимга зарар?! Аслида «бўлса беш, бўлмаса ўн беш» қабилида иш юритишга одатланиб қолаётган ҳудуд назоратчилари ўз соҳасига доир меъёрий ҳужжатлардан хабардорми?
Хива туманидаги Чинобод қишлоғининг Пирнахос маҳалласида яшовчи М.Тожиева аризасида кўрсатилишича, унинг хонадонига «Хиватумангаз» ходимлари томонидан 153 937,23 сўм қарздорлик юклатилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 5 июлдаги «Хоразм вилояти истеъмолчиларини ёқилғи-энергетика ресурслари билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан, ушбу ҳудуд тармоқдан ажратилган. Демак, газ йўқ, қарздорлик ҳам бўлмаслиги керак. Буни газ идораси ходими билмаслиги мумкинми? Асло мумкин эмас. У ҳолда унинг ушбу хатти-ҳаракатини қандай изоҳлаш керак?
Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 мартдаги 99-қарори билан тасдиқланган низомга кўра, «пломба бузилган ва газ таъминотига техник ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда истеъмолчи назоратчининг охирги ташрифидан бошлаб бир суткада 24 соат ҳисобидан келиб чиққан ҳолда ўрнатилган газдан фойдаланиш жиҳозининг тўлиқ қиймати бўйича ҳисоблаб чиқилган қийматини тўлайди». Бу ҳужжат талабларини менсимаган ёки унга зид иш тутган ҳолда айрим назоратчилар истеъмолчи хонадонига охирги ташрифи кунини инобатга олмасдан, асоссиз далолатнома расмийлаштираётгани ҳолатлар ҳам учраб турибди.
Бизни тинч қўй …
Хоразм вилояти ҳудудий рақобат бошқармаси маълумотларига кўра, Урганч шаҳри табиий газ таъминоти корхонаси томонидан ҳисобланган қарздорликлар бўйича тузилган далолатномалар ва истеъмолчиларга асоссиз равишда қарздорлик ёзилаётганидан норози бўлган истеъмолчилардан 2016 йилда 137 та шикоят-ариза келиб тушган. Мурожаатлар асосида олиб борилган ўрганишлар натижасида «Урганчшаҳаргаз» филиали томонидан 77,3 миллион сўм миқдорида асоссиз ҳисобланган қарздорликлар қайта ҳисоб-китоб қилинган. Истеъмолчиларга асоссиз тарзда ошиқча тўлов ҳисоблаш, дебитор қарздорликни сунъий тарзда ошириб кўрсатиш «Урганчшаҳаргаз» филиалида ҳали ҳам сурункали тарзда давом эттирилмоқда.
Ачинарли томони шундаки, истеъмолчиларнинг асоссиз қарздорликларни бартараф қилиш юзасидан оғзаки мурожаатларига «Шимолгазтаъминот» УК Хоразм вилояти бошқармаси ҳам, «Урганчшаҳаргаз» филиали ходимлари ҳам сансалорлик билан муносабатда бўлмоқда. Улар мурожаатчиларга ўз вақтида ёрдам бериш ўрнига муаммони ўзларидан соқит қилиш мақсадида фуқароларни прокуратурага ёки монополияга қарши давлат органига ариза бериб, қайта ҳисоб-китоб қилиш бўйича қоғоз олиб келиш талаби билан овораю сарсон қилмоқда.
Соҳа мутасаддилари ўз ходимлари фаолиятидаги нуқсонларни хаспўшлаб, «сувдан қуруқ чиқишга» уринишларидан мақсад нима? Аслида истеъмолчи билан ўзаро ишонч, ҳурмат асосида ҳамкорлик қилишдан соҳа вакиллари кўпроқ манфаатдор эмасми?!