​Солиқ тўламаган солиқчилар

Қўшилди: 13 апрел 13:00
Кўрилди: 405
Комментарии: 0
​Солиқ тўламаган солиқчилар
Халқ орасида босар-тусарини билмай қолган, димоғдор инсонларга нисбатан “Ўзи хон, кўланкаси майдон” деган ибора қўлланилади. Жасур Шодмоновнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган)ҳам ўзини хондай тутишига бир қанча сабаблар бор эди, қолаверса, унинг соясига салом бериб, манфаат кўраётганлар сони ҳам кам эмасди. Вилоят Давлат солиқ бошқармасида 2012 йил май ойидан 2016 йил апрел ойига қадар солиқ органларида хавфсизлик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келган Жасур Шодмонов зиммасига юклатилган масъулиятли вазифани бажаришдан кўра ўз шахсий манфаатларини устун қўяди, янаям аниқроғи, енг учида иш битиришни одат қилиб олади. Кимсан, фалон жойнинг раҳбари, деган таърифнинг ўзиёқ унинг оёғини ердан узилишига сабаб бўлганди. Қолаверса, таниш-билиш, қариндошлар орасидаги мавқеи, обрўсини амалдаги иши билан боғлиқ, деб биларди. Оқибатли куёв шу тарзда қариндошларига ёрдам қўлини чўза бошлайди.
“СОЛИҚЧИ”НИНГ КИРДИКОРЛАРИ
Ҳайитқуловлар оиласини Гурлан туманида кўпчилик таниши табиий. Боиси анча йиллардан буён тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган оила аъзолари “Тадбиркор” ва “Туркистон” хусусий фирмалари ҳамда “Гурланкиновидео” МЧЖи орқали бизнес ишларини йилдан йилга кенгайтириб, аҳолига турли хил хизматларни кўрсатиб келаётган эдилар.
“Туркистон” хусусий фирмасининг асосий иш фаолияти нефть маҳсулотларини савдоси, шаҳар ва шаҳарлар аро йўловчи ташиш фаолияти билан боғлиқ бўлса, “Гурланкиновидео” МЧЖ маънавий-маданий дам олиш объекти сифатида фаолият юритиши учун инвестиция киритиш шарти билан ноль қийматда берилган эди, аммо бинода бунинг мутлақо аксини кўриш мумкин, яъни, бино тадбиркорларга ижарага берилиб, ёнида автомобиллар тўхташ жойи ташкил қилинган. Хизмат кўрсатишдан тушган пуллар эса назорат касса машинасига кирим қилинмаган. Бу ўз-ўзидан пуллар банк муассасаларига топширилмаганлигини кўрсатади. Хизматлар ва тушумлар бирламчи бухгалтерия ҳужжатларида қайд этилмасдан даромад эгасига етиб бораверган. Хўш, нега бу ҳолатга кўз юмилган? Вақтида тегишли ташкилотларга ҳужжат тақдим этиш, солиқ тўлаш каби мажбуриятларни бажармаган фирма ва жамият раҳбарларини ким паноҳига олган? Албатта, Саидбек Жавлонов! У солиқ ходимларига яқин қариндошларига тегишли бўлган фирма ва жамиятнинг ноқонуний фаолиятини фош қилмаслик, ҳисоб рақамларидаги пул айланмаларини тўхтатмаслик, режадан ташқари текширувларга туширмаслик каби оғзаки топшириқларни бериб, амалдаги раҳбарлари бошқа бўлган хусусий фирма ва корхоналарнинг фаолиятини мунтазам назорат қилиб боради. Бунга биргина мисол, “Тадбиркор” хусусий фирмаси 2010 йил январ ойида солиқ органлари ходимлари томонидан ўтказилган тафтиш якунига кўра 587 миллион 129 минг 300 сўм миқдордаги молиявий жаримага тортилади. Жаримани тўламаслик мақсадида фирма раҳбарлари апелляция шикояти билан судга мурожаат қилишади, иш қайта кўриб чиқилади, бироқ, ўзгаришсиз қолдирилади. Саидбек Жавлонов ҳамда Олмосбой Ҳайитқуловларнинг нима қилиб бўлсаям бир йўлини топиш керак, деган уринишлари бекор кетмайди. Жаримани тўламаслик учун фирмани қасддан банкрот ҳолатига олиб келиш мақсадида фирма раҳбари Расулбек Ҳайдаров, бош ҳисобчи Фурқат Ғаниевлар билан биргаликда жиноий режа тузишади. Фирманинг солиқдан қарздорлиги йўқлиги тўғрисидаги маълумотномани олишиб, нотариал идорага тақдим этишади ҳамда фирма балансида турган 10-сонли ҳамда 54-сонли автомобилларга ёқилғи қуйиш шаҳобчаларини “Туркистон” хусусий фирмасига ҳадя қилишади. Кейинчалик Жавлоновнинг саъй-ҳаракатлари билан “Тадбиркор” хусусий фирмаси балансида бўлган умумий ер майдони 2510,0 кв.метр бўлган савдо ва хизмат кўрсатиш шаҳобчаларини “Олмос Ҳайитқулов” фермер хўжалигига ҳадя этишади. Бу ишлардан кейин фирмани банкрот деб топиш учун Гурлан давлат солиқ инспекцияси орқали хўжалик судига ариза билан мурожаат қилишади. Суд томонидан бу ишга суд тугатувчи бошқарувчиси Ғанижон Машарипов тайинланади.
Ўзаро келишув асосида иш кўрган Ғ.Машарипов вазифасига сидқидилдан ёндошиш ўрнига Саидбек Жавлонов ҳамда фирма раҳбари Расулбек Ҳайдаров, бош ҳисобчи Фурқат Ғаниевлар илтимосини бажаришни афзал деб билади, яъни, шу тарзда фирма банкрот деб топилишига эришилади.
...ДАВОМИ БОР
Бу ишда қўлимиз баланд келди, деб ўйлаган гуруҳ аъзолари навбатдаги режаларини ҳам амалга ошира бошлашади. Бу ишда уларга Гурлан туман Давлат солиқ инспекциясида жисмоний шахсларга солиқ солиш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келган Икром Ҳайитқулов кўмаклашади. Аслида Икром Ҳайитқулов ҳам бу оилага бегона эмасди. Ҳайитқуловларга, яъни, ўзларига тегишли бўлган хусусий фирма ҳамда масъулияти чекланган жамиятга раҳбарлик қилганлар қоғозда бошқаю, амалда бошқа бўлган. Икром Ҳайитқулов ҳамда Саидбек Жавлоновларнинг солиқ тизимида ишлашлари фирма фаолиятини бошқаришда қўл келади. Солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўламаслик, ноқонуний бойлик орттириш мақсадида куёви Саидбек Жавлонов, қариндоши Жавлон Сайитметов ва танишлари Расулбек Ҳайдаров ҳамда Фурқат Ғаниевларнинг ёрдамидан фойдаланган Икром Ҳайитқулов даромад олишнинг турли йўлларини излаб, топганларини амалда қўллай бошлайди. Аниқ далилларга тўхталамиз. “Гурланкиновидео” МЧЖга туман ҳокими қарори асосида 200 кв метр ер ажратилган бўлса-да, амалда 2479,0 кв метр ер майдонидан фойдаланиб келган устамон тадбиркор ўтган йиллар мобайнида жами 254 миллион 439 минг 300 сўмлик солиқ тўловларини тўлашни гўёки унутади. Аслида маданий ҳордиқ чиқаришга мўлжалланган бино эса бир қанча тадбиркорларга ижарага берилиб, ҳужжатларда солиқ тўловларини камайтириб кўрсатилганлиги сабабли ягона солиқ тўловлари учун жами 53 миллион 689 минг 700 сўм миқдоридаги маблағ ҳам тўланмайди. Қонунчиликдан яхши хабардор бўлган, ўзлари айнан солиқ соҳасида ишлаётган қариндошларнинг бу каби қилмишлари ёқилғи қуйиш шаҳобчаси фаолияти билан ҳам боғлиқ эди. Бензин ёқилғисини вақтида олиш учун унга Транспортдаги ИИБ Республика темир йўлларида нефть маҳсулотлари ташилишини кузатиш бўйича алоҳида милиция батальони Урганч темир йўл бекатига хизмат кўрсатиш бўйича бешинчи отряд милиционери лавозимида ишлаган Шокир Мансуров беминнат кўмакчи бўлади. Вақтида бензин ёқилғини етказиш учун Икром Ҳайитқуловдан 1200 АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора тариқасида олган Мансуров кейинчалик яна 800 АҚШ доллари сўрайди, аммо бу гал ўйлагани амалга ошмайди.
ПУЧГА ЧИҚҚАН РЕЖА
Бу вақтда унга сўралган миқдордаги пулни бериши керак бўлган Икром Ҳайитқуловнинг ўзи қўл остидаги ходимларидан пора олган маҳали қўлга тушади.
Ўша вақтда меҳнат таътилида бўлган Икром Ҳайитқулов, дам олиш ўрнига яна пул топишни ўйлайди. Вилоят Давлат солиқ бошқармасига ҳисоботларни топшириш баҳонасида ходимларнинг ҳар бирига эллик минг сўмдан пул йиғишни топширади, бироқ, бугунги кунда ҳисобот топшириш электрон почталар орқали ягона база тизимида амалга оширилишини ҳисобга олмайди. Эътибордан четда қолдирган бу ҳолат, қолаверса, очкўзлик балоси охир-оқибат уни чоҳга қулатади.
БОЙГА БАЛО УРАРМИДИ?!
Ҳайитқуловларнинг шу тарзда давом этган тадбиркорлик фаолиятидан давлат манфаатига етказилган зарарлар миқдори ошиб бораверади. Эшик қоқиб ҳеч ким келмаса, ишингни биров текширмаса, топганинг ўзингники бўлса, ҳатто мушугингга биров пишт демаса бундан ким ҳам севинмайди. Дарвоқе, бу эркаликдан янада талтайган Саидбек Жавлонов бошқа тадбиркорлар фаолиятига ҳам ўз таъсирини ўтказа бошлайди. 2014 йил ноябрь ойида тадбиркор Б.Нормуродовдан қиммат нархдаги эркаклар устки кийимини олган Жавлонов пулнинг маълум қисмини беради, холос. Йўл транспорти ҳодисаси натижасида йиртилган устки кийимини Туркия давлатига борганида тўғрилатиб келганлиги учун яна шу тадбиркордан 100 АҚШ доллари миқдорида қарздор бўлган Жавлонов нимагадир ҳисоб-китоб қилишни эсдан чиқаради. Йўл транспорти ҳодисаси рўй берганидан “Ласетти” русумли автомашинасини Ўриновга сотиб юборган Саидбек Жавлонов пулини оладию, машинани янги эгасининг номига ўтказишдан ўзини олиб қочади. Бу каби ҳолатлар яна бошқалар билан ҳам рўй беради.
БУНИСИ ҲАЛИ ҲОЛВА...
Жиноий гуруҳ аъзолари томонидан амалга оширилган ишлар натижасида уларнинг чўнтаклари қаппаяди. Ноқонуний йўллар билан орттирилган даромадларни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлашади. Шу тарзда жумладан, биргина фирма ва жамият бухгалтерия ҳужжатларида солиқ солинадиган объектлар тўлиқ кўрсатилмагани ҳамда камайтириб кўрсатилганлиги оқибатида жами 716 миллион 976 минг 300 сўм миқдордаги мажбурий тўловлар тўланмайди. Бу маблағларга эса иккита шоли тегирмони, бир нечта автомашина сотиб олинади. Жиноий шериклар 2013-2015 йиллар ҳамда 2016 йилнинг биринчи чорагида бензин ёқилғиларини фирмага қарашли шаҳобчаларда сотмасдан, ноқонуний равишда қўлда сотиб келаётган шахслар ёрдамида сотиб, жами 3 миллиард 916 миллион 76 минг сўм нақд пулларни назорат касса машиналарига кирим қилишни эсдан чиқарса, жамият биноси ижарасидан тушган жами 112 миллион 19 минг 600 сўм пулларни жиғилдонга уришади. Хуллас, гапирсак гап кўп, аммо бу ишнинг натижаси жавобсиз қолмади. Ушбу ҳолат жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят судида кўриб чиқилиб, судланувчиларга нисбатан тегишли тартибда маълум муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳамда аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Ҳаётда бирон бир нарсага эришиш осон эмас, лекин уни бир зумда қўлдан бой бериш мумкин. Қилган ишимизни тўғри баҳолай олиш ва хатони тушуна билиш умрни беҳуда сарфлашдан сақлайди, лекин йўл қўйган хато учун қонуний жавобгарлик ҳам борлигини унутмаслигимиз лозим. Хизмат фаолиятининг асосини ташкил этган коррупцияга қарши курашиш ўрнига ўзи қинғирликка қўл урган Саидбек Жавлонов ҳамда хизмат мавқеидан фойдаланиб, ходимларидан “солиқ” ундиришга уринган Икром Ҳайитқуловнинг бу қилмишларини танганинг ҳар иккита томонини кўргандаям оқлаш ноўрин.
Қилмишларидан пушаймон эканлигини билдириб, энди ҳалол яшашга ваъда бераётган собиқ “солиқчи”лар ҳар бир хатти-ҳаракат учун қонуний жавобгарлик борлигини ўз вақтида англаб етганларида эди, бу ҳолатга тушишмасди. Берилган ваъданинг ҳам ўз қиймати бор, қачонки у бажарилсагина ўз номини оқлайди, бўлмаса қуруқ гапдан фарқи қолмайди...

Сардор Тоганов, жиноят ишлари бўйича
Хоразм вилоят суди судьяси
Наргиза Бўронова, журналист


Манба: Darakchi.uz