Ўзбекистондаги 4,6 миллион хонадон томорқаларига 1 майга қадар озиқ-овқат экинлари тўлиқ экилади

Қўшилди: 12 апрел 11:30
Кўрилди: 351
Комментарии: 0
Ўзбекистондаги 4,6 миллион хонадон томорқаларига 1 майга қадар озиқ-овқат экинлари тўлиқ экилади
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида шу йил 11 апрель куни кенгайтирилган видеоселектор йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Селектор йиғилишида мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш борасидаги долзарб вазифалар муҳокама қилинди.
Баъзи минтақаларда яратилаётган шароит ва имкониятларга қарамасдан, айрим қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан ўз аҳолисини тўлиқ таъминлашга эришилмаган. Масалан, Қашқадарё вилоятида маҳаллий аҳолини ҳудудда етиштирилган мева билан таъминлаш даражаси 71 фоизни, Сирдарё вилоятида 85 фоизни ташкил этмоқда.
Йиғилишда бу борадаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш йўлларидан бири — бу аҳолининг томорқа ерларидан самарали фойдаланиши билан узвий боғлиқ экани таъкидланди. «Афсуски, бу борадаги аҳвол ҳамма жойда ҳам талаб даражасида, деб бўлмайди», — деб ёзади ЎзА.
Масалан, жорий йил давомида ўтказилган ўрганишлар шуни кўрсатдики, Навоий вилоятида 27 фоиз, Самарқанд вилоятида 45 фоиз, Бухоро вилоятида 47 фоиз, Жиззах вилоятида 50 фоиз томорқа ерларида, афсуски, озиқ-овқат экинлари ва мевали дарахтлар экилмаган.
Ана шу масалаларни ҳал қилиш юзасидан Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ва ҳокимликлар раҳбарларига озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва экспорт ҳажмини кўпайтириш учун бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси топширилди.
Жумладан, мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган 66 тумандаги 455 минг гектар унумдор ердан, 2017—2020 йилларда пахта ва ғалладан бўшайдиган 215 минг гектар майдондан унумли фойдаланиш зарурлигига урғу берилди.
Шунингдек, Ўзбекистондаги 4 миллион 600 минг хонадонга тегишли 515 минг гектар томорқа ерларига жорий йилнинг 1 майига қадар озиқ-овқат экинларини тўлиқ экишни таъминлаш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди.