GM Uzbekistan уруш фахрийларига автомобилларни навбатсиз беради

Қўшилди: 12 апрел 10:30
Кўрилди: 80
Комментарии: 0
GM Uzbekistan уруш фахрийларига автомобилларни навбатсиз беради
GM Uzbekistan компаниясида ишлаб чиқарилаётган енгил автомобилларни навбатсиз шартномавий буюртма бериш орқали харид қилиш тартиби белгиланди. Daryo.uz'нинг ёзишича, бу ҳақда Самарқанд вилоят ҳокимлигининг матбуот хизмати хабар бермоқда.

"Ушбу тартибга мувофиқ Ўзбекистон Мудофаа ва Молия вазирликлари ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан ҳудудий тақсимоти бўйича шаклланган Иккинчи жаҳон уруш фахрийларининг тўлиқ рўйхати GM Uzbekistan компаниясига тақдим этилди.
GM Uzbekistan ҳар бир уруш фахрийси номига бериладиган имтиёзли сертификат ишлаб чиқарган. Сертификатлар Иккинчи жаҳон уруш фахрийларига «Нуроний» жамғармаси ва туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўйича бўлимлари мутасадди ходимлари ҳамда бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида тарқатилади.
Сертификатларни топшириш чоғида ҳар бир уруш фахрийсига бериладиган имтиёз шартлари, амалга ошириш тартиби тўлиқ тушунтирилади."
Акбар Ахтамов, «Самарқандавтотеххизмат» компанияси бошқаруви раиси

Сертификатда кўрсатилган имтиёз асосида сотиб олинган автомобилга биринчи ва иккинчи техник хизмат кўрсатиш жамият томонидан бепул амалга оширилади. Имтиёз бир марталик ҳисобланиб, 2017 йил 31 декабргача амал қилади.
Ногиронлиги ва касаллиги туфайли уруш фахрийсининг автомобиль олишга шартнома тузиш учун имконияти бўлмаган тақдирда унинг навбатсиз олиш имтиёзи фахрийнинг ўз розилик аризаси билан бевосита қариндоши ёки қаровчисига фахрийнинг яшаш манзилдаги маҳаллий фуқаролик органлари, маҳалла қўмитаси томонидан тақдим этилган маълумотнома асосида тузилиши мумкин.
Шартномавий буюртма тузиш учун паспорт, 1941—1945 йилларда уруш қатнашчиси эканлиги ҳақидаги ҳужжат, ногиронлиги тўғрисида гувоҳнома, имтиёзли сертификат тақдим этилиши зарур.
Тўлов халқаро пластик карта, сўмлик пластик карта орқали ёки нақд пул топшириш йўли билан амалга оширилади.