Етти иқлимга машҳур соҳибқирон

Қўшилди: 09 апрел 16:00
Кўрилди: 111
Комментарии: 0
Етти иқлимга машҳур соҳибқирон
9 апрел – йирик давлат арбоби, буюк саркарда Амир Темур туғилган кун

XIV асрнинг иккинчи ярми XV аср Ватанимиз тарихида воқеаларга ниҳоятда бой тарихий ижтимоий сабоқ даври ҳисобланади. Бу минтақада Амир Темур (1336-1405 йиллар) бошчилигида ягона туғ остида марказлашган, кучли ва мустақил давлат ташкил топди. Марказий Осиё халқлари ҳаётида юз берган бу тарихий жараёнда шубҳасиз Соҳибқирон Амир Темурнинг хизматлари буюкдир.
Амир Темурнинг тарихий хизматлари қанчалик улуғ бўлса,унинг фазилатлари ҳам шунча шарафли. У – энг аввало, буюк давлат арбоби. Шунингдек, истеъдодли саркарда сифатида ҳам етти иқлимга машҳур бўлди.
Амир Темур 1336 йил 9 апрелда Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) шаҳри яқинидаги Хожа Илғор қишлоғи (ҳозирги Яккабоғ тумани)да туғилди. Унинг тўлиқ исми Амир Темур ибн Амир Тарағой ибн Амир Барқул.
 
ТЕМУР СИЙМОСИДАГИ ДАҲО ФАЗИЛАТЛАР
Соҳибқирон яратган марказлашган давлатнинг маъмурий ҳуқуқий, ижтимоий–маънавият тизимларини ўрганишга бағишланган ўнлаб асарлар яратилди ва ҳозирда ҳам ёзилмоқда. Бу бежиз эмас, чунки ўрта асрлар тарихида, узлуксиз босқинчилик урушлари пайтида ўзининг ҳудудий ўрни жиҳатидан жуда улкан давлатни яратиш ва бошқариш учун нодир қобилият, нодир ақл – заковат, улкан тадбиркорлик ва шижоат зарур эди. Мана шундай даҳо фазилатларнинг Амир Темур сиймосида мужассам бўлганлиги халқнинг озодликка ва адолатга бўлган орзусини амалга ошувига имконият яратди.
 
БОЛАЛИК
Амир Темурнинг ёшлиги ҳақида маълумотлар кам учраса-да, айрим манбаларга қараганда, у ёшлигида хат-савод чиқариб, ўз даврининг тиббиёт, риёзиёт, фалакиёт, меъморчилик ва тарих илмларини ўрганган. Амир Темур билан суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлган буюк араб файласуфи Ибн Халдун жаҳонгир турк, араб, форс халқлари тарихини, диний, дунёвий ва фалсафий билимларнинг мураккаб жиҳатларигача яхши ўзлаштирганини таъкидлайди.
Амир Темурнинг ёшлиги Кешда ўтди. Етти ёшга тўлгач, отаси уни ўқишга берди. Темур ёшлик чоғлариданоқ махсус мураббийлар назорати остида чавандозлик, овчилик, камондан нишонга ўқ узиш, бошқа турли машқ ва ҳарбий ўйинлар билан машғул бўлган. Шу аснода Темур тулпорларни саралаб ажрата оладиган моҳир чавандоз ва довюрак баҳодир бўлиб вояга етган.
 
ТЕНГДОШЛАР ОРАСИДА
Ўспиринлик чоғларидаёқ атрофига тенгқурлари орасидан садоқатли дўстларни жалб қила олган. Унинг атрофига болаликдаги дўстлари ва мактабдошлари (Аббос баҳодур, Жаҳоншоҳбек, Қимори иноқ, Сулаймоншоҳбек, Идику Темур, Сайфуддинбек, Ҳиндушоҳ, Қарқара ва б.) тўпланишиб, биргаликда машқ қилар, мусобақаларда иштирок этишар, аста-секин навкар бўлишиб, ҳарбий бўлинма сифатида шакллана борган. Кейинчалик улар Амир Темур қўшинида лашкарбошилик даражасигача кўтарилганлар.
 
БИРИНЧИ МАРТА АМИР ТЕМУР САРКАРДАЛАРИ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ ТИКЛАНДИ
Россиянинг Новосибирск давлат университети (НДУ) мутахассислари жаҳон тарихида илк бор буюк Амир Темурнинг энг яхши 12 саркардаси ҳарбий таржимаи ҳолини тиклади. Бу ҳақда НДУ гуманитар тадқиқотлар лабораторияси етакчи илмий ходими, тарих фанлари доктори Леонид Бобров маълум қилди.
Бу — Темур саркардаларининг таржимаи ҳолларини тиклаш бўйича биринчи илмий иш. Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, бир қатор ҳарбий юришларни Амир Темур катта ишонч билдирган ҳарбий қўмондонлар муваффақиятли амалга оширган. Новосибирсклик тарихчилар Темурнинг энг ёрқин 12 сафдоши ҳақидаги рисолалар кетма-кетлигини чоп этишга тайёргарлик кўрмоқда. Чоп этиладиган мазкур чиқишларнинг дастлабкиси Жаҳоншоҳ-Баҳодирга бағишланади.
 
БИЛАСИЗМИ?
Истиқлол йилларида Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабз ва бошқа шаҳарларнинг марказий майдонларида Амир Темурга ҳайкал ўрнатилди, Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида Темурийлар даври музейи барпо этилди, "Амир Темур" ордени таъсис этилди ва Халқаро Амир Темур жамғармаси ташкил қилинди.
 
Шоҳ ЖАҲОН тайёрлади