Шавкат Мирзиёев Тошкент ҳалқа йўлидаги электричка лойиҳаси билан танишди

Қўшилди: 09 апрел 13:00
Кўрилди: 577
Комментарии: 0
Шавкат Мирзиёев Тошкент ҳалқа йўлидаги электричка лойиҳаси билан танишди
Президент Шавкат Мирзиёев 8 апрель, шанба куни Тошкентдаги ҳалқа темир йўли қурилиши лойиҳаси билан танишди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» «Ўзбекистон» телеканалининг «Ахборот» дастурига таяниб.
Тошкент автомобиль ҳалқа йўли бўйлаб электр поездни ишга тушириш режалари ҳақида биринчи марта Шавкат Мирзиёевнинг ноябрь ойида пойтахт сайловчилари билан сайловолди учрашувида маълум бўлган эди. Ўшанда лойиҳа 2017—2030 йилларга мўлжаллангани айтилган эди.
«Ахборот»га берган интервьюсида «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси бош муҳандиси Ҳусниддин Ҳосилов маълум қилишича, Президент ташаббуси билан амалга оширилаётган лойиҳа мақсади — йўловчилар учун қулайликлар яратиш, автойўллардаги тирбандликни камайтириш ва экологик вазиятни яхшилаш.
«Ҳалқанинг жами узунлиги 71,2 километрни ташкил этади (иккита йўналишдаги йўллар узунлиги — 140 километрдан зиёд), линияда 26 та бекат қурилади. Биринчи босқичда темир йўлда 10 та поезд (ҳар бир йўналишда бештадан) ҳаракатланади. Ҳисоб-китобларга кўра, улар бутун йўлни тахминан бир соатда босиб ўтади.
Лойиҳа қиймати 265 миллион долларга тенг, шунинг 185 миллиони давлат бюджетидан, 80 миллиони — Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан ажратилади. Хорижий инвестициялар жалб қилиниши мумкин.
Ҳусниддин Ҳосилов таъкидлашича, темир йўл линияси автобус йўналишлари, метрополитен бекатлари ва бошқа транспорт турлари билан қулай тарзда боғланади. Унинг қўшимча қилишича, лойиҳани ишлаб чиқишда чет мамлакатларнинг тажрибаси ҳисобга олинган.