Янги «Боқий Бухоро» эркин туристик зонасида бепул Wi-Fi тизими яратилади

Қўшилди: 27 март 10:00
Кўрилди: 395
Комментарии: 0
Янги «Боқий Бухоро» эркин туристик зонасида бепул Wi-Fi тизими яратилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017—2019 йилларда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилояти сайёҳлик имкониятларини жадаллик билан ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси тақдим этилди. Бу ҳақда «Новости Узбекистана» хабар бермоқда.
Лойиҳага биноан шаҳарда «Боқий Бухоро» номли эркин туристик зона яратилади. Ушбу зона ва шаҳарнинг тарихий қисмида аҳоли учун бепул Wi-Fi тизими яратилади.
Сайёҳлик мавсумида Тошкент—Бухоро—Тошкент йўналишида ҳаракатланувчи поездлар рейсларининг ҳамда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси ташқи ва ички рейсларининг сони оширилиши таклиф этилмоқда.
Бухорони «Табаррук Бухоро — муқаддас Ислом маркази» шиори остида ноёб шаҳар-музей, Шарқ марвариди сифатида тарғиб қилиш режалаштирилмоқда.
Йилда бир маротаба Бухорода Ибн Сино меросига бағишланган халқаро конференция ўтказилиб, унда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тиббиёт соҳасидаги энг яхши илмий иш учун Ибн Сино мукофоти топширилади. Бундан ташқари, ҳар йили «Бухоро куни», «Ипак ва зираворлар», «Бухоро қовунлари» фестиваллари ташкил этилади.