Нотинч вазият сабаб ўз уйида ўйнай олмаётган Сурия мундиал орзусидаги Ўзбекистонни мағлуб этди

Қўшилди: 23 март 21:00
Кўрилди: 787
Комментарии: 1
Нотинч вазият сабаб ўз уйида ўйнай олмаётган Сурия мундиал орзусидаги Ўзбекистонни мағлуб этди
ЖЧ—2018 йўлида кураш олиб бораётган Самвел Бабаян бошқарувидаги Ўзбекистон терма жамоаси ҳал қилувчи саралаш босқичидаги учинчи мағлубиятини қабул қилиб олди. Бунга қадар Эрон ва Жанубий Корея термаларига «тиши ўтмаган» жамоа, бу сафар Суриядан енгилди.
Ўйин тақдирини ҳал қилган ягона гол 90-дақиқада пенальтидан киритилди. Суриянинг энг машҳур футболчиси Умар Ҳарбин пенальтини паненко услубида амалга ошириб, учрашувга мантиқий якун ясади. Сурия бунга қадар Хитой майдонидан ҳам ғалаба билан қайтган бўлиб, Эрон ва Жанубий Корея билан дуранг ўйнаганди. Шу тариқа улар ўз очколари сонини 8 тага етказиб олди.
9 очкоси бор Ўзбекистон терма жамоаси сафида 89-дақиқадаги пенальтига сабабчи ҳимоячи Егор Кримец бўлди. Март ойида старт олган Хитой Супер лигасида Кримец бирорта ҳам учрашувда иштирок этмай, қайдномаларга ҳам киритилмаётганди. Шунга қарамай Самвел Бабаян унга имконият берганди.
ЖЧ—2018. Саралаш
«А» гуруҳи. 6-тур
23 март, пайшанба
Сурия — Ўзбекистон 1:0
Гол: Умар Ҳарбин, 90-пен (1:0).
Ўзбекистон: Александр Лобанов — Даврон Ҳошимов, Егор Кримес, Анзур Исмоилов, Ислом Тўхтахўжаев, Азиз Ҳайдаров, Одил Аҳмедов, Сервер Жепаров, Жалолиддин Машарипов (Элдор Шомуродов, 55), Марат Бикмаев (Александр Гейнрих, 77), Темурхўжа Абдухолиқов (Игорь Сергеев, 64).
Мазкур турда Хитой Жанубий Кореяни таслим қилгани инобатга олинса, Ўзбекистон терма жамоаси Сурия билан дуранг ўйнаб ҳам кореяликларга етиб олиши мумкин эди. Бироқ мана шу минимум вазифа ҳам уддаланмади.
Қайд этиш керак, томонларнинг Тошкентда ўтган илк ўйинида Александр Гейнрихнинг 72-дақиқада урган ягона голи учрашув тақдирини ҳал қилганди. Голдан кейин ўзбекистонлик футболчи уни селфи тушиш билан нишонлаган бўлса, Ўзбекистон термаси мағлуб этилгач, суриялик футболчилар ҳам бунга жавобан селфи таёқчасини кўтариб олди.
Маълумот учун, мазкур беллашувда жароҳати сабаб Виталий Денисов майдонга туша олмади. Ўзи учун ноқулай қанотда ўйнаган Ислом Тўхтахўжаев эса сариқ карточка олиб, 28 март куни Тошкентда бўлиб ўтадиган Қатарга қарши ўйинда майдонга туша олмайдиган бўлди.
Қатар Юлдузлар лигасида тўпурарлардан бири бўлиб турган Сардор Рашидов эса Сурияга қарши ўйинда майдонга туширилмади. Қайд этиш керак, мазкур босқичда Сурияни фақатгина Қатар енга олганди.
Гость
Гость
24 март 18:46
Узбекистон футбол терма жамоа азоларининг Сурия билан утказилган учрашувда иштиек, галабага булган ишонч йук эди. Терма жамоа мураббийини алмаштириш.