​Фарғонада миллий валютани қалбакилаштирган шахслар қўлга олинди

Қўшилди: 17 март 11:00
Кўрилди: 317
Комментарии: 0
​Фарғонада миллий валютани қалбакилаштирган шахслар қўлга олинди
Фарғона вилояти Данғара миллий валютани қалбакилаштириш ва уни муомалага чиқариш билан боғлиқ жиноят содир этилди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Данғаралик Маҳмудхўжа ака турмуш ўртоғи билан маслаҳатлашиб, қўрасидаги қўйлардан иккитасини бозорда сотадиган бўлди. Шу мақсадда кечаси иккиларда қўйларини этаклаб, Поп туманидаги мол бозорига йўл олди.
Маҳмудхўжа ака тунги учларда кириб келганида бозор авжида эди. Бир-икки сўраб келувчилардан кейин қўйларга икки ёш йигит харидор бўлди.
— Қанча сўраяпсиз, амаки? — деди улардан бири.
— Беш юз мингдан деяпмиз, сўрайверасизда, ўғлим.
— Амаки, дангалини айтаман, икковига 700 минг бераман, — йигит шундай деганча Маҳмудхўжа аканинг қўлини сиқиб силтай бошлади. — Барака топайинми?
— Йўқ, бўлмайди.
— Ҳа, денг, амаки, барака топай...
Бироз ўтгач, 800 минг сўмга савдолашилди. Йигитлар келишилган суммани тахи бузилмаган 5000 сўмлик купюраларда бериб, қўйларни этаклаганча кетишди. Маҳмудхўжа ака эса пулни йирик купюрада олганига хурсанд бўлиб, бозор-ўчар қилишга киришди. Лекин биринчи дўкондаёқ унинг хурсандчилигидан асар ҳам қолмади. Сотувчи у берган пулларни бир-икки айлантириб кўриб, ўзига қайтариб берди:
— Амаки, пулларингиз қалбакику!
— Нега қалбаки бўлади? Ҳозиргина сотган қўйларимнинг пуллари бу.
— Унда сизни чув туширишибди. Қаранг, ҳаммасининг рақами бир хил.
Маҳмудхўжа ака пулларни олганча тезда мол бозорига югурди. Бироз олдин сотган қўйлари ва уларни сотиб олган йигитларни излади, лекин...
Ярим тун. Ширин уйқуда ётган Анвар илкис уйғониб кетди. Бошини кўтариб, сукунатга қулоқ тутди. Ташқаридан кимнингдир овози эшитилди. Елкасига чопонини ташлаб эшикка чиққанида ёнилғи идиш кўтарган бир йигит турарди.
— Ассалому алайкум, ака! Кечирасиз, кеч бўлганда безовта қилдик, — йигит шундай деганча мулозамат қилди.
— Ҳечқиси йўқ.
— Ака, ташқарига осиб қўйилган баклажкани кўриб, шу ерда бензин сотилса керак, деб тўхтагандик.
— Ҳа, бензин бор. Қанча оласиз.
— 20 литрча керак эди.
Ҳаш-паш дегунча Анвар улар айтган бензинни ёнилғи идишга қуйди. Энди пулни олишга чоғланиб турган бир пайтда нотаниш йигит:
— Ака, шу яқин ўртада дизель ёнилғиси сотадиганлар йўқми? Катта юк машинамизнинг ёнилғиси тугаб, Янгиқўрғон томонда тўхтаб қолди. Шунга олиб боришимиз керак, – деди.
— Агар кўпроқ оламиз десанглар, ўзимда ҳам бор.
— Ие, шундай денг, ака. Жуда яхши бўлардида. 100 литр оламиз. Шунча чиқадими?
Наргиза эрининг қайтиб келмаганидан хавотир олиб, ташқарига фонар кўтариб чиққанида Анвар икки йигит қуршовида ёнилғи идишларга дизель ёнилғиси қуйиб бераётган эди. Катта миқдорда ёнилғи сотилаётганидан хурсанд бўлган эр-хотин йигитларнинг хоҳишини бир зумда адо этишди. Ҳатто Анвар охирги ёнилғи идишни ташқарига кўтариб чиқиб, уларнинг «Дамас» автомашинаси юкхонасига жойлаштирилишига ҳам ёрдам берди.
Ҳамма иш битгач, оқ-сариқдан келган йигит ҳайдовчига «пулни олиб бер», деди. У тезда машинадан елим халтага ўралган нарсани олиб, унга узатди. Унинг ичида бир тахлам пул бор эди.
— Хўш, биз сизга 480 минг сўм беришимиз керак. Бундан 20 минг олсак...
— Агар беш мингталик бўлса пачкани бузмай қўя қолинг, — деди йигитларнинг ҳаракатини кузатиб турган Анвар. — Мана, мен сизга йигирма минг сўм бераман.
Яхлит бир тахлам беш минг сўмлик пулларни қўлига олган Анвар ҳар эҳтимолга қарши уни санашга тушди. Шу пайт йигитлардан бири уни гапга тутди:
— Ака, телефон рақамингизни айтинг, яна керак бўлса, сизга қўнғироқ қилиб келаверамиз.
Анвар пул санашдан тўхтаб, телефон рақамини айтди.
— Ака, телефонингизга гудок ташлаб қўйдим.
— Исмингиз ким?
— Элёр. Яна келамиз, насиб қилса.
Эр-хотин уйга қайтиб киргач, Анвар бир тахлам пулни санаб яна роҳатлангиси келди. Чироқ ёруғида санай туриб, пулларнинг ранги бошқачароқ эканини англади. Кўзларига ишонмай пулнинг у ёқ, бу ёғини айлантириб кўрди. Рақамларини солиштирди. Не кўз билан кўрсинки, купюраларнинг рақами бир хил эди. Анвар шу дамда нима қилишни, қандай чора кўришни билмай қолди. Ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар берайин деса, ўзи ноқонуний фаолият кўрсатган, яна вақт ярим кечаси бўлса...
Орадан икки кун ўтди. Бошқа чора тополмагач, у ички ишлар органига хабар беришга мажбур бўлди.
Қалбаки пул муомаласи билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан жабрланувчилардан келиб тушган мурожаатлар асосида ички ишлар органлари томонидан зарур чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Суриштирув-қидирув тадбирлари олиб борилди. Бозорлар, жамоат жойларида назорат кучайтирилди. Кўп ўтмай саъй-ҳаракатлар ўз натижасини берди. Учкўприк туманида яшовчи Достон Абдусаломов ва Фаррух Мамажонов гумон қилинувчи тариқасида суриштирувга жалб этилди. Достоннинг хонадони кўздан кечирилганида эса у ердан қалбаки 1000 ва 5000 сўмлик купюраларни ясашда ишлатилган ноутбук, рангли принтер, турли бўёқлар ва катта миқдордаги қалбаки пуллар топилди.
Жиноят иши қўзғатилиб, иш судга оширилди. Суд қарорига кўра, миллий валютамизни сохталаштирган, уни ясаш, ўтказиш каби қатор жиноятларни содир этган айбдорларга тегишли жазо тайинланди.

Дониёр ТEСНАБОЕВ,
подполковник.
Фозилжон МАМАСНАРИПОВ,
журналист.
Фарғона вилояти.