Тошкент чорраҳаларидаги камералар 36 соатда 10 мингдан зиёд қоидабузарликни қайд этди

Қўшилди: 16 март 18:00
Кўрилди: 417
Комментарии: 0
Тошкент чорраҳаларидаги камералар 36 соатда 10 мингдан зиёд қоидабузарликни қайд этди
15 мартдан ишга тушган Тошкент чорраҳаларидаги камералар 16 мартнинг соат 12:00 гача бўлган вақтида 10 мингдан зиёд қоидабузарликни қайд этди. Бу ҳақда 16 март, пайшанба куни Тошкент шаҳар ИИББда бўлиб ўтган брифинг чоғида маълум қилинди.
Дастлабки маълумотларга кўра, қоидабузарликларнинг 4,9 мингдан ортиғини светофорнинг қизил чироғидан ҳаракатланиш, 4,1 мингдан зиёдини тезликни меъёридан оширганлик ҳолатлари ташкил этган.
Аввал хабар берилганидек, камералар ўз фаолиятининг дастлабки босқичида фақат икки қоидабузарлик — светофорнинг қизил чироғидан ҳаракатланиш ва тезликни белгиланган меъёридан ошириш ҳуқуқбузарликларини қайд этади.
Аниқланган ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ҳужжатлар «Ўзбекистон почтаси» компанияси томонидан транспорт воситаси эгасининг яшаш манзилига юборилади. Ҳайдовчи маъмурий жаримани 60 кун ичида тўлаши шарт. Агар жарима ўз вақтида тўланмаса, транспорт воситаси жарима майдончасига жойлаштирилади.