Яккасаройда билагига китнинг суратини чизган икки мактаб ўқувчиси аниқланди

Қўшилди: 11 март 09:00
Кўрилди: 316
Комментарии: 0
Яккасаройда билагига китнинг суратини чизган икки мактаб ўқувчиси аниқланди
Профилактика кунида Тошкентнинг Яккасарой туманидаги 135-умумтаълим мактабида «Давомат» тадбири ўтказилди, деб ёзади ЎзА.
Мактабнинг бир синфига кирган туман ички ишлар бошқармаси ходимлари ўқувчиларнинг билакларини текшириб кўрди. Икки ўқувчининг билагида ўткир буюм билан кесиб чизилган балиқнинг расми борлиги аниқланди.
Ушбу ҳолат юзасидан ўтказилган суриштирув давомида ушбу ўқувчилар интернет тармоғида «Кўк кит» номи билан тарқалган ўйиннинг видеоролигини кўриб, билакларига китнинг суратини чизганликлари маълум бўлди. Ўқувчиларнинг ота-оналари эса бундан мутлақо бехабар эканлиги аниқланди. Аянчли ҳодиса қандай оқибатга олиб бориши нафақат ўқувчилар, балки ота-оналарига чуқур тушунтирилди.
Навбатдаги профилактика кунида Яккасарой туманидаги интернет клублар, уларга кимлар ташриф буюраётгани ва нималар билан машғуллиги текширилди. Бобур кўчасидаги уйда жойлашган компьютерхонанинг ним қоронғу хонасида йигирматадан кўпроқ компьютер бўлиб, уларнинг ҳар бирида турли ёшдаги йигитлар турфа ўйинлар билан машғул эканлиги аниқланди.
Профилактика кунида Яккасарой туманининг айрим маҳаллаларида нотинч оилалар вакиллари билан суҳбатлар олиб борилган бўлса, баъзи маҳаллаларда сайёр суд мажлислари ташкил этилди. Қўриқлаш, ёнғин хавфсизлиги, йўл ҳаракати қоидалари билан боғлиқ профилактик тадбирлар ҳам ўтказилди.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида профилактика куни муносабати билан ўтказилган брифингда ўтган бир ҳафта давомида ўттиздан ортиқ жиноят фош этилгани ва қидирувда бўлган 45 нафар шахс ушлангани маълум қилинди.