Фоҳишахонага айланган қаҳвахона: Тошкент шаҳар ИИББ «Озодлик» тарқатган хабарларни рад этди

Қўшилди: 11 март 11:00
Кўрилди: 407
Комментарии: 0
Фоҳишахонага айланган қаҳвахона: Тошкент шаҳар ИИББ «Озодлик» тарқатган хабарларни рад этди
Тошкент шаҳар ИИББда бўлиб ўтган брифингда турли интернет нашрлар томонидан ички ишлар органлари фаолияти ҳақида ёлғон ва уйдирма хабарлар тарқатилаётганига нисбатан муносабат билдирилди. Хусусан, ички ишлар ходимларининг тадбиркорлар фаолиятига асоссиз равишда аралашаётгани ва «белгиланган жарима суммасини йиғиш» мажбурияти ҳақидаги сохта маълумотлар рад этилди.
Жумладан, «Озодлик» радиоси томонидан 2010 йилдан буён Ўзбекистонда «қора ниқоблилар» гуруҳи кучайиб бориб, тадбиркорларни қўрқувга солаётгани, хусусан, 2017 йил 3 март куни Чилонзор туманидаги «Жиззах Сити» кафесига ички ишлар ходимлари итлар билан бостириб кириб, кафе ходимлари ва мижозларини автобусга солиб, олиб кетгани ҳақида хабар тарқатилган.
«Озодлик» хабарида, шунингдек, Тошкент шаҳрида ишлайдиган милиция ходимларига «4 миллион сўмдан жарима йиғиб келиш мажбурияти» юклатилгани, белгиланган режа бажарилмай қолгач, Чилонзор туман ИИБ бюджет олдидаги қарздорликни узиш учун мазкур тадбирни амалга оширгани ҳақида ҳам ёзилган.
Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари полковник Дониёр Тошхўжаев вазиятга аниқлик киритди.
Аслида, Тошкент шаҳар ИИББга «Жиззах Сити» кафесида қўшмачилик, фоҳишалик ва бошқа жиноятлар содир бўлаётгани ҳақида тезкор хабар келиб тушган. Шунга асосан, 2017 йил 3 март кеч соат 23:30 да Тошкент шаҳар ИИББ тезкор ходимлари томонидан тадбир ўтказилган.
Тадбир давомида кафеда 25 нафар фоҳишалик билан шуғулланувчи қизлар, 30 нафардан ортиқ муқаддам судланган шахслар, Тошкент шаҳрида вақтинчалик рўйхатдан ўтмасдан яшаб келаётган фуқаролар борлиги аниқланган. Кафе раҳбарияти вақтинчалик яшашга рухсати бўлмаган кишиларни ишга қабул қилганлиги, соат 23:00 дан кейин рухсатсиз ишлаётганлиги маълум бўлган.
«Мазкур ҳолат юзасидан кафе раҳбарияти жавобгарликка тортилади», — дейилади брифингда.