“Dono Education” нодавлат таълим муассасаси – бўлажак актёрлар учун қулай имконият

Қўшилди: 11 март 10:00
Кўрилди: 316
Комментарии: 0
“Dono Education” нодавлат таълим муассасаси –  бўлажак актёрлар учун қулай имконият
Актёр бўлиш учун қобилият ва иқтидорингиз бор, лекин тақдир тақозоси билан бошқа соҳани эгалладингизми? Бошқа олий ўқув юртида таҳсил олиш билан бирга актёрлик маҳоратингизни ошириб бормоқчимисиз? Фарзандингизда истеъдод учқунини сездингизми?
Юқоридаги саволлардан биронтаси агар сизга тааллуқли бўлса, унда “Dono Education” ўқув марказига хуш келибсиз!
Ўқув маркази “Dono Productions” кинокомпанияси қошида очилган бўлиб, актёрлик маҳорати бўйича таълим фаолиятини юритади. “Dono Productions” кинокомпанияси очилганига кўп вақт ўтмаган бўлса-да, йирик миқёсдаги лойиҳалари билан машҳурликка эришиб бормоқда. Жумладан: 
- “Мафтунингман-2” фильми учун республика бўйлаб ўтказилган кастингда 2000 нафардан зиёд ҳамюртларимиз иштирок этишди. Кастинг гуруҳи ҳар бир вилоят марказига бориб, маҳаллий истеъдодларнинг маҳоратини бевосита кўрикдан ўтказишди. Кастинг жараёнларида Ўзбекистон халқ артисти Турғун Азизов, хизмат кўрсатган артистлар Клара Жалилова, Раъно Ярашева, Лола Элтоева, Шермат Ёрматовларнинг қатнашгани иштирокчиларга қўшимча руҳ бағишлади.
- “Маҳаллада дув-дув гап-2” фильми “Эл-юрт ҳурмати” ордени ва “Шуҳрат” медали соҳиби, профессор, машҳур ўзбек кинорежиссёри Шуҳрат Аббосов томонидан суратга олинмоқда. Кинокомпаниянинг илк фильми сифатида дунёга келадиган мазкур картина ўзининг кенг қамрови билан мутахассислар томонидан алоҳида эътироф этилмоқда. Икки йилда ёзилган сценарий, 90 дан ортиқ персонаж, ярим йиллик тайёргарлик ва тасвирга олиш ишлари... ҳали бу жараёнлар ўз якунига етгани йўқ. Фильм премьераси 2017 йил баҳорига режалаштирилмоқда.
- 2017 йилда “Мафтунингман-2”, “Енгилмас”, “Уй фариштаси” каби картиналарни суратга олиш режалаштирилган.
Фильмларда образларни гавдалантирадиган маҳоратли актёрларни тарбиялаш мақсадида “Dono Education” ўқув марказига асос солинди.
Асосий маълумотлар:
- ўқиш муддати - олти ой;
- ўқиш ҳафтада 3 кун, 2 соатдан.
- олти ойлик дарс соати жами 72 соат (пара)ни ташкил этади;
- ўқиш учун ойлик тўлов 300000 сўм, олти ойлик тўлов 1800000 сўм. Тўлов исталган услубда, нақд, пластик карточка ва пул ўтказиш йўли билан амалга ошириш мумкин. Ўқувчилар овқат ва ётоқхона билан таъминланмайди;
- ҳар бир гуруҳда 15 нафар ўқувчи бўлади. Улар ёши, дарсга келиш имкониятига қараб сараланади;
- ўқув марказига ўқишга кириш учун имтиҳон топширилмайди ва номзодлар синовдан ўтказилмайди;
- бир ой давомида ҳар 1 гуруҳга 12 та дарс ўтилади. Ундан 6 та актёрлик маҳорати, 4 та нотиқлик санъати, 1 та ижодий учрашув (Халқ артистлари билан мастер-класс), 1 та амалиёт (камера билан ишлаш, киножараёнларда иштирок этиш ва ҳ.к.);
- ҳар ойнинг охирида ўқувчилар имтиҳондан ўтказилади ва рейтинг балли қўйилади. Олти ойлик ўқиш тугагандан кейин ўқувчилар иштирокида актёрлик маҳорати бўйича спектаклдан парча, этюд, нотиқлик санъати бўйича эса ғазал, масал ёки монолог топширади. Имтиҳонга ўқувчининг хоҳишига кўра ота-онаси, қариндошлари ёки дўстлари таклиф қилиниши мумкин.
- ўқув курси тугагандан кейин ўқувчига сертификат топширилади;
- ўқув курслари битирувчилари ва таълим жараёнидаги ўқувчилар ўз маҳоратларидан келиб чиқиб, “Dono Productions” кинокомпанияси томонидан суратга олинадиган бадиий фильмлар, сериаллар, мусиқий клиплар, кўрсатувларга таклиф қилинади.

Агар сизда қўшимча саволлар туғилган бўлса, марҳамат қилиб мана бу рақамга қўнғироқ қилишингиз мумкин: (+99871) 239-83-83