Жаъфарбек янги машина оламан деб, пулга зор бўлгани ҳақида...

Қўшилди: 16 август 2013 00:35
Кўрилди: 1437
Комментарии: 0
Жаъфарбек янги машина оламан деб, пулга зор бўлгани ҳақида...
Хонанда Жаъфарбек билан бундан анча вақт аввал суҳбатлашиб қолганимда жуда ёш уйланишининг сабабини айтиб берган эди. Эслашимча, унинг яқинлари бирин-кетин вафот этаверишган. 
Бу йўқотишлар орасидаги танаффус ҳатто 2 ойга ҳам етмаган. Таниш-билишлар эса тезроқ бу оилада тўй қилиш кераклигини маслаҳат беришгач, хонанда 17 ёшида уйланган экан. Шу билан мўъжиза содир бўлибди-ю тўйлар тўйга уланибди. Жаъфарбекка ана шу воқеаларни батафсил айтиб беришини сўраб қўнғироқ қилганимда, у оғир йўқотишларни эслашни истамади. Аксинча, куни кеча рўй берган бошқа бир воқеани айтиб бериб, бизни лол қолдирди.
         Бир неча ой аввал янги машина харид қилиш учун автосалонга бориб асосий тўловларини тўлаб келдим. Бир куни автосалон вакиллари менга қўнғироқ қилиб, машинанинг қолган маблағларини бергач, уни олиб кетишимни айтишди. Очиғи, шодланишни  ҳам, хафа бўлишни ҳам билмай қолдим. Чунки йиққан-терган пулларим қолган тўловларга етмас эди. Амал-тақал қилиб, энг охирги пулларимни йиғиб автосалонга бордим. Ишонсангиз, бор йўғи 20 минг кам эди. Ўша вақт кўзимга ёш келди.

Балки кўпчилик киши санъаткорларда ҳам шундай ҳолатлар бўлишига унчалик ишонишмас. Аммо мен буни ўз бошимдан ўтказдим. Хуллас, уйга қайтиб, турмуш ўртоғим токчага қўйган бор пулларни ҳам йиғиштириб олдимда, яна ортга қараб йўлга тушдим.

Орзумга эришдим, лекин кўнглимга чироқ ёқса ёришмасди. Ахир, ҳали давлат рақами олишим, рўзғор қилишим керак. Чўнтагимда эса сариқ чақа ҳам йўқ. Қарз сўрашга эса атрофдагилардан истиҳола қиларкансан киши. Ўша кунлари ҳеч қандай тўй хизматлари белгиланмаган. Нима қиларимни билмай уйга қайтдим. Ичимдан ўтаётгани фақат ўзимга аён эди. Машина олганим нима-ю, чўнтагимда бир сўм йўқлиги нима деб ўзимча кулиб ҳам қўярдим.

Ўша кеча кўзимга уйқу инмади. Ич-этимни еб, нима қилишга ҳайрон ўтираверардим. Ҳадемай янги кун бошланади. Эртага рўзғор учун ҳам, бошқа эхтиёжлар учун ҳам пул керак бўлади. Яратган ноилож бандаларига ўзи тўғри йўл кўрсатишига ишониб, фақат унинг ўзидан мадад кута бошладим. Ишонсангиз, икки  соат тавалло  қилиб,  мушкулимни осон қилишини сўрадим.

Эрта тонгдан укам қўнғироқ қилди. “Ака, бугун бир санъаткор дўстингиз кичик қаҳвахонада концерт бераяпти, кириш 20 минг сўм экан, борасизми?” деди. Очиғи, укамга пулим йўқ дейишга андиша қилиб, ишим бор эди, боролмайман дедим. Кейин кўчага отландим. Янги машинамни ҳайдаб йўлда кетаётган эдим, бирдан светафорнинг қизил чироғи ёнди, тўхтадим. Йўл четида милтираб ёниб кўзимни қамаштираётган нарсани кўрдим. Ҳамма ўзи билан ўзи оввора, машиналар эса бир-бирини қувиб ўтиш пайида эди.

Аста машинадан тушиб ҳалиги нарса томон яқинлашдим. Не кўз билан кўрайки, ерда бир боғлам пул ётибди. Қўлимга олиб “кимники” дея бақирдим. Ҳеч ким жавоб бермади. “Йўл юзида нима қилиб бақириб юрибсан, нима, ақлдан оздингми?” деганлар ҳам топилди.

Ҳалиги пулни олиб машинага ўтирдим-у бирдан кўзимга ёш келди. Бу кимнинг пули экан? Эгаси пешона тери билан топиб, кейин йўқотиб қўйдимикин? Балки ҳозир ичи туздек ачишиб тургандир? Балки, бу Яратганнинг менга юборган инъомидир? Бу пулни эҳтиёжларимга ишлатаверсаммикин? Ахир мен уни бировдан тортиб олмадим-ку? Мен олмасам, бошқа биров топиб ишлатиши мумкин эди-ку? Нима бўлганда ҳам бу пул ҳозир менинг қўлимда. Мен эса бу пулга муҳтож эдим.
Ахир кеча тунда  Яратгандан “Жуда кўп эмас, бир неча кунга етадиган пул берсанг бас” деб илтижо қилгандим. Балки бу ўша илтижоларим ижобатидир? Пулни олиб бозорга бордим, биринчи бўлиб бечораларга хайр-садақа улашдим. Сўнг бошқа ишларимни битирдим.
Ҳикоям сўнгида бир нарсани айтмоқчиман: киши ҳар бир ишга ихлос билан ёндашиши керак экан. Ана ўшанда биз рўё деб билган ҳар қандай мўъжиза содир бўлади.