АЁЛГА ЭҲТИРОМ

Қўшилди: 08 март 17:00
Кўрилди: 354
Комментарии: 0
АЁЛГА ЭҲТИРОМ
«Инсоният тарихи шундан гувоҳлик берадики, минг йиллар давомида ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси ва маънавий баркамоллиги, аёлларга бўлган муносабат билан белгиланади. Айниқса, аёлларга шарқона эҳтиром ва эъзоз биз учун ибратли меросдир».
Ислом Каримов
 
Баҳор — байрамлар билан бошланади. Кўклам кириб келиши билан 8 мартни нишонлаймиз. Аслида, аёллар фақатгина байрамда эмас, йилнинг ҳар бир кунида эъзозланадиган гўзал хилқатдир.
Бугунги кунда орамизда эркаклар билан бир қаторда туриб, аксарият соҳаларда етакчи бўлаётган ўзбек аёллари талайгина. Юксак маънавиятли, мунис аёл ва меҳрибон оналик бурчини адо этиш билан бирга, эл-юрт манфаати йўлида амалга оширилаётган ишларга баҳоли қудрат ҳисса қўшишга ҳаракат қилаётган опа-сингилларимизда замонавий ўзбек аёли сиймосини кўрамиз.
 
ЭҲТИРОМ
Азалдан аждодларимиз аёлга эҳтиром кўрсатишган. Ҳатто пайғамбаримиз ҳам «Жаннат – оналар оёғи остидадир», деб марҳамат қилганлар. «Жисмингни қил сад­қа оно қошиға», деб ёзган Ҳазрат Алишер Навоий.
Аёлнинг улуғланиши, эъзозланиши туфайли миллатимиздан Нодирабегим, Зебуннисо, Жаҳон отин, Увайсий, Зулфия, Саида Зуннунова, Зарифа Саидносирова, Лутфихоним Саримсоқова, Сора Эшонтўраева, Рихси Иброҳимова, Тўти Юсупова каби кўплаб таниқли шахслар етишиб чиқди.
Ўзбекистонда аёлга эҳтиром монументал ёдгорлик асарларида ҳам ўз аксини топмоқда. Мамлакатимизнинг бош майдонида «Бахтиёр она» ҳайкалининг қад ростлаб тургани, фарзандини ҳарбийга кузатаётган она, шоиралар Зулфияхоним, Саида Зуннуноваларга ҳайкал ўрнатилиши аждодларимизнинг аёл зотига кўрсатган эҳтироми давомидир.
 
ФАКТЛАР
1991 йилда Ўзбекистон Хотин қизлар қўмитаси ташкил этилди.
1991 йилда Ўзбекистоннинг ишбилармон аёллари учун “Тадбиркор аёл” уюшмаси ташкил этилди.
Мамлакатимизда 5 млн.дан ортиқ ишбилармон аёллар ўз бизнесини муваффақиятли амалга оширмоқда.
Ўзбекистонда 10 мингдан ортиқ олима аёллар бор.
Республикимиз барча фаол меҳнат ресурсларининг 45 фоизини аёллар ташкил этади.
 
ҲУҚУҚИЙ ҲИМОЯ
Мамлакатимиз мустақилликнинг илк йиллариданоқ хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор халқаро Шартнома ва Конвенцияларни ратификация қилган. Жумладан, давлатимиз 1995 йили БМТнинг «Хотин-қизлар камситилишининг барча шакл­ларига барҳам бериш тўғрисида»ги Конвенциясига қўшилган. Умуман олганда, мамлакатимизда аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган80 гаяқин қонун ҳужжатлари кучга кирди, халқаро ҳужжатлар ратификация қилинди.
Бугунги кунда хотин-қизлар жамиятимизнинг барча жабҳаларида, жумладан, таълим ва соғлиқни сақлаш тизими, саноат ва қишлоқ хўжалиги, қурилиш, транспорт ва алоқа соҳаларида самарали фаолият олиб бормоқда. Зукко қизларимиз, фозила аёлларимиз эса фан, санъат, маданият ва спортда юқори марраларни забт этишаяпти. Қувонарлиси, хотин-қизлар оғирини енгил қилиш, уларнинг ҳаёт шароитини яхшилаш, оила ва жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш ҳар йили устувор вазифалардан этиб белгиланади.
 
АЁЛЛАР САЛОМАТЛИГИГА ЭЪТИБОР
Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилгани боис «Соғлом она — соғлом бола» дастури умуммиллий ҳаракатга айланди. Бир қатор нуфузли халқаро институтларнинг баҳолашича, Ўзбекистон дунёнинг 125 давлати орасида хотин-қизлар учун қулай шароитлар яратиш ва оналикни муҳофаза қилиш борасида етакчи ўринлардан бирини эгаллаб турибди.
Ҳар йили 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида ўқувчи қизларга спорт кийимлари топширилмоқда. Бу қизлар ўртасида спортнинг янада оммалашиши, уларнинг соғлом бўлиб улғайишида муҳим омил бўлмоқда.
 
АГАР СОҒЛИГИ ЁМОН БЎЛСА...
Соғлиги ва имконияти нуқтаи назаридан қандай соҳаларда аёллар ишлаши чекланган?
Меҳнат шароити ноқулай ишларда, шунингдек ер ости ишларида аёллар меҳнатини қўлланиш тақиқланади, ер остидаги баъзи ишлар (жисмоний бўлмаган ишлар ёки санитария ва маиший хизмат кўрсатиш ишлари) бундан мустаснодир.
Аёлларнинг улар учун мумкин бўлган нормадан ортиқ юкни кўтаришлари ва ташишлари ман этилади.

Маълумотларга кўра, дунё кўрсаткичида аёлларнинг ўлимига аввало юрак хасталиклари (27 фоиз), иккинчи ўринда эса саратон билан оғриши (22 фоиз) сабаб бўларкан.
Ер куррасидаги барча мамлакатларда аёлларнинг умр кўриши эркакларникидан анча юқори.
 
КУН ТАРИХИДАН
Мазкур байрамнинг ширин ташвишлари эркакларнинг бошига кеча ёки бугун тушган эмас. Ушбу айём тарихи қадимги Римга бориб тақалади.Римликларда «Аёллар куни» деб номланган байрам мавжуд бўлган. Рим аёллари бу кунда чиройли либосларини кийиб, тақинчоқлар билан безаниб, бошларига гулчамбарлар тақишган. Ўта эътиборли римлик эркаклар шу куни аёлларини уй юмушларидан озод этишган ва уларга истаган нарсаларини совға қилишган.
8-март Халқаро хотин-қизлар куни сифатида илк бор 1911 йили Швеция, Австрия, Дания ва Германияда байрам қилинади. Аммо олмон хонимлари негадир 8-мартда эмас, балки май ойида нишонланадиган «Оналар куни»да совға-салом олар эканлар.1975 йилда эса БМТ 8-мартни Халқаро хотин қизлар куни деб эълон қилди.

«Ой қуёшдан нур олади. Қуёш қанча ёрқин порласа, ой шунча тиниқлашади. Эркак қанча меҳр берса, аёлнинг ҳусни шунча очилади...»
Ўткир Ҳошимов

Аёл қудрати олдида тоғлар ҳам таъзим қилади. Аёл меҳри оламни тутиб туради. Аёл муҳаббати — ҳаёт мазмуни. Фақатгина аёлни асраш, эъзозлаш керак. Шундагина биз ҳаётни қадрлаган, унинг бардавомлигини таъминлаган бўламиз.