Тошкент чорраҳаларидаги камералар 15 мартдан ишга тушади. Шу кундан бошлаб қоидабузар ҳайдовчиларга жарима қоғозлари жўнатилади

Қўшилди: 07 март 09:30
Кўрилди: 372
Комментарии: 0
Тошкент чорраҳаларидаги камералар 15 мартдан ишга тушади. Шу кундан бошлаб қоидабузар ҳайдовчиларга жарима қоғозлари жўнатилади
Тошкент шаҳридаги 115 та чорраҳага ўрнатилган видеокузатув мосламалари 15 мартдан ишга туширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи, полковник Холматжон Сайдалиев маълум қилди.

"Синов тариқасида ишга туширилишининг сабаби шундаки, бу янгилик бизда илк бор қўлланилаяпти. 15 март кунидан бошлаб қоидабузарликлар учун жарима солиш тўғрисидаги қарор транспорт воситасининг мулкдорига жўнатилаверади. Айнан мана шу иш жараёнида тизимдаги техникаларнинг ишлашини назорат қилиб оламиз. Юзага келадиган муаммолар ва камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрамиз. Шу сабабли ҳам синов тариқасида, деб айтилаяпти."
Холматжон Сайдалиев, Ўзбекистон ИИВ ЙҲХББ бошлиғи

Тошкент чорраҳаларидаги камералар синов тартибида ишга тушгани, бироқ жарималар ёзмаётгани ҳақида 2016 йил январида хабарлар берилганди. 2017 йил февралида эса Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент чорраҳаларидаги видеокузатув тизимини қисқа муддатда ишга тушириш ҳақида кўрсатма бергани ҳақида хабарлар берилган.