АҚШ Сурия ва Ироқдаги авиаҳужумларда 20 дан зиёд тинч аҳоли ҳалок бўлганини тасдиқлади

Қўшилди: 05 март 12:30
Кўрилди: 726
Комментарии: 0
АҚШ Сурия ва Ироқдаги авиаҳужумларда 20 дан зиёд тинч аҳоли ҳалок бўлганини тасдиқлади
АҚШ Қуролли кучларининг Яқин Шарқдаги марказий қўмондонлиги Ироқ ва Сурияда ИШИДга қарши йўналтирилган авиаҳужумлар натижасида 21 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлганини тасдиқлади. Бу ҳақда қўмондонлик ҳисоботига таяниб, «Газета.ru» хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, 21 нафар қурбондан ташқари, тинч аҳолининг икки нафар вакили жароҳатланган.
Ҳисоботда террорчиларнинг ҳарбий объектларига зарба бериш бўйича тегишли ҳаракатлар фуқароларга етиши мумкин бўлган зарарни минималлаштирган ҳолда олиб борилаётгани маълум қилинган. Бироқ, қайд этилганидек, баъзи ҳолатларда ҳаракатларни қурбонларсиз амалга оширишнинг иложи бўлмаяпти.
Штаб томонидан, шунингдек, айни дамда яна 19 нафар тинч аҳоли ўлими билан боғлиқ маълумотлар ўрганилаётгани хабар қилинди.
Февраль ойи бошида АҚШ бошчилик қилаётган коалиция ИШИДга қарши операция давомида 199 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлганини маълум қилган эди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.