Баландроқ бўй, кўркамроқ қиёфа ва каттароқ мия: келажак одами

Қўшилди: 04 март 12:00
Кўрилди: 627
Комментарии: 0
Баландроқ бўй, кўркамроқ қиёфа ва каттароқ мия: келажак одами
Инсон танаси келажакда ривожланиши мумкин бўлган турли йўлларни назарда тутувчи кўплаб назариялар мавжуд. Олимлар доимо биз қаердан келганимиз ва қаерга кетаётганимиз борасида йўл-йўриқлар топиш илинжида.
Бизнинг танамиз янада ривожланишда давом этиши эҳтимоли ҳам мавжуд. Одам ифлослашиб ва технологияга кўпроқ боғлиқ бўлиб бораётган сайёрада юз бераётган ўзгаришларга мослашишда давом этиши мумкин.
Мутахассисларнинг баъзи тахминлари келажакда одамлар ўз тана рангини онгли тарзда ўзгартира олиш қобилиятига эга бўлишини ҳам ўз ичига олади.
Шунингдек, одам келажакда ҳозиргига нисбатан кўркамроқ бўлиши мумкин. Унинг қомати ва юз тузилиши бугунги кунда кўпчилик ўз жуфтини танлашда қидирадиган  хусусиятларга мос тушади: унинг юз ифодаси нозик, қомати эса чиройли бўлади. Бундай назарияни олимлар аввалроқ қилинган хулоса билан асосламоқда. Унга кўра, чиройли аёллар унчалик гўзал бўлмаган аёлларга нисбатан кўпроқ фарзанд кўради, уларнинг кўпчилигини эса қиз болалар ташкил қилади. Уларнинг қизлари эса янада чиройли бўлиб вояга етади ва шу ҳолат такрорланаверади. Аммо бу тренд эркаклар учун амал қилмайди.
Агар одам янада мураккаброқ ва ақллироқ мавжудот сифатида ривожланишда давом этса, унинг мияси янада катталашиб боради. Бу эса туғруқ чоғида муаммоларни келтириб чиқариши, натижада туғиш вақтидаги оналар ўлими сони кўпайиши ҳақида фикрлар мавжуд.
Келажакда ақл тиши каби рудимент (қолдиққа айланган) органлар йўқолиши мумкин, чунки улар энди ўз функцияларини бажармаяпти. Бугунги кунда одамларнинг 25 фоизи ақл тиши муртагисиз туғилмоқда, келажакда уларнинг улуши фақат кўпаяди.
Умуман олганда, келажак одами анча баланд бўйли (ҳар асрда инсоннинг бўйи ўртача бир неча сантиметрга баландлашмоқда), кўркамроқ бўлади, каттароқ мия ва, эҳтимол, каттароқ кўзли бўлади. Жағ эса, одам юмшоқ ва суюқ овқатга ўтиши сабабли, кичраяди.

Манба: Look At Me