Ижтимоий тармоқларга беҳаё суратларини жойлаштираётган ўзбекистонлик аёл хонандаларнинг лицензиялари бекор қилинади

Қўшилди: 03 феврал 21:00
Кўрилди: 326
Комментарии: 0
Ижтимоий тармоқларга беҳаё суратларини жойлаштираётган ўзбекистонлик аёл хонандаларнинг лицензиялари бекор қилинади
«Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига номаъқул сурат ва видеоларини жойлаштираётган санъаткорларга нисбатан чоралар кўрмоқда. Бу ҳақда, «Жамият» газетаси ахборотига асосланиб, «Darakchi.uz» хабар берди.
«Ўзбекнаво»да бошқарма бошлиғи Одилбек Абдуқаҳҳорнинг айтишича, бирлашма «ҳар ой санъаткорлар билан маънавият соатлари ўтказиб, уларни тартибга чиқариб туради».
«Ҳар куни ижтимоий тармоқларни кузатиб борамиз. Номаъқул сурат ва видеоларни олдириб ташлаймиз. Аммо шунда ҳам қуюшқондан чиқадиганларнинг лицензиясини бекор қилишга мажбур бўламиз», — деди «Ўзбекнаво» вакили.
Баъзилар ижтимоий тармоққа қандай сурат ёки видео жойлаш санъаткорнинг шахсий иши деб ҳисоблайди. Лекин, Одилбек Абдуқаҳҳоровнинг қайд этишича, «бу — нотўғри қараш».
«Жамият» газетасининг ёзишича, «ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига беҳаё суратларини жойлаётган хонандалар миллат маънавиятга таҳдид солмоқда».
Санъаткорлар томонидан ижтимоий тармоқларга жойлаштирилаётган суратлар ва видеоларнинг беҳаё ё номаъқуллиги қандай белгиланишига аниқлик киритилмаган.