Ўзбекистонда «Ўзагроэкспортбанк» акциядорлик-тижорат банки ташкил этилади

Қўшилди: 30 январ 20:00
Кўрилди: 162
Комментарии: 0
Ўзбекистонда «Ўзагроэкспортбанк» акциядорлик-тижорат банки ташкил этилади
Ўзбекистонда янги банк — «Ўзагроэкспортбанк» акциядорлик-тижорат банки ташкил этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 24 январдаги қарорида кўрсатиб ўтилган, дея хабар беради «Газета.uz».
Банк ташкил этилишидан мақсад экспорт қилувчи ташкилотларни молиявий қўллаб-қувватлаш, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти имкониятларини самарали ва барқарор ривожлантиришни таъминлаш, агросаноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва аҳоли учун янада қулай шарт-шароитлар яратишдан иборат.
Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (7,5 миллион евро, 75 фоиз), «Ўзбекинвест» (1 миллион евро, 10 фоиз), «Ўзбекозиқовқатхолдинг», «Ўзагросуғурта» ва «Кафолат» (500 минг евродан ёки 5 фоиздан) бошланғич устав капитали 10 миллион евро бўлган банкнинг муассислари ҳисобланади.
2020 йилга қадар «Ўзагроэкспортбанк» 15 фоиздан кам бўлмаган улуш билан стратегик хорижий инвесторларни устав капиталига жалб этиши лозим.
Янги банк ва унинг филиаллари рўйхатга олинган санадан бошлаб 5 йил муддатга барча турдаги солиқлар ҳамда давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинади. Бўшаётган маблағ банкнинг ресурс ва моддий-техника базасини мустаҳкамлашга мақсадли йўналтирилади.