Одам терисини ишлаб чиқарувчи принтер яратилди

Қўшилди: 29 январ 2017 11:00
Кўрилди: 575
Комментарии: 0
Одам терисини ишлаб чиқарувчи принтер яратилди
Испаниялик олимлар 3D-принтер ёрдамида ишлаб чиқилган терини тақдим этди. Бу тери одам териси билан бир хил. Бу ҳақда Science News Journal’га таяниб, «Hi-Tech Mail.ru» хабар берди.
Биологик материаллардан тери ишлаб чиқариш методикасини Карлос III Мадрид университети мутахассислари Мадриддаги Грегорио Мараньона университети госпитали, Энергетика, атроф-муҳит ва технология соҳасидаги тадқиқотлар маркази ва BioDan Group компанияси ходимлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқди. Терини принтерда чоп этиш учун махсус усулда киритилган биосиёҳдан фойдаланилди. Сунъий тери одам териси тузилишини такрорлайди.
Асосий қийинчилик биологик материални аралаштириш ва уни принтерга давомий киритишнинг тўғри методикасини танлаш бўлган. 3D-принтерда чоп этиш вақтида турли қатламлар тўлиқ функционал тери олиш мақсадида қаватма-қават жойлаштирилган.
Чоп этилган тери эпидермис (терининг ташқи қавати) ве дерма (тери тўқимаси)дан ташкил топган. Тери биологик фаол, озиқланади, янгиланади, тери эластиклигини таъминловчи коллаген ишлаб чиқаради.
Сунъий теридан трансплантация (кўчириб ўтказиш) мақсадларида фойдаланиш мўлжалланмоқда. Бу тери чуқур ва катта куйиш билан жабрланган беморларга тезроқ тикланишга, беморларнинг аҳволини енгиллаштиришга ва беморнинг ўз терисини кўчириб ўтказишда ортиқча жароҳатлардан халос бўлишига имкон беради.
Бундан ташқари, сунъий терида маиший кимёвий воситалар ва косметика маҳсулотларини синаб кўриш мумкин. Ҳозирги вақтда синов ҳайвонларда амалга оширилмоқда.