UZREPORT TV футболга ихтисослашган FUTBOL TV телеканалини ташкил этди

Қўшилди: 28 январ 09:30
Кўрилди: 285
Комментарии: 0
UZREPORT TV футболга ихтисослашган FUTBOL TV телеканалини ташкил этди
Юртимиздаги миллионлаб футбол мухлисларининг талаб ва истакларини инобатга олиб ҳамда уларнинг футболга бўлган катта қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда, UZREPORT TV телеканали футболга ихтисослашган янги FUTBOL TV телеканалини ташкил этди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро Мувофиқлаштирувчи Кенгашнинг йиғилишида FUTBOL TV телеканалига лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Хабарингиз бор, UZREPORT TV телеканали Европа Чемпионлар лигаси, Европа Лигаси, Англия Премьер-лигаси ва Испания чемпионати ўйинларини Ўзбекистонда трансляция қилишнинг эксклюзив ҳуқуқини харид қилган ва ҳозирда ушбу мусобақалардан ўрин олган ўйинларни жонли эфирда намойиш қилиб келмоқда.
FUTBOL TV ишга тушганидан сўнг UZREPORT TV телеканалида футбол ўйинлари трансляцияси тўхтаб қолмайди. Турли чемпионатларда бир вақтда бошланадиган қизиқарли учрашувларнинг бири FUTBOL TV телеканалида намойиш этилса, иккинчи ўйин UzReport TV телеканалида параллел равишда жонли эфирда намойиш этилади.
Шунингдек, FUTBOL TV телеканалида футбол учрашувлари жонли, ёзиб олинган ҳолда ва такроран намойиш қилинади. Бундан ташқари, футболга оид бўлган турли қизиқарли кўрсатувларни эфирга узатиб бориш кўзда тутилган.
Ҳозирда FUTBOL TV телеканалининг лицензиясини расмийлаштириш ва техник ташкилий ишлар доирасидаги чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. UZREPORT TVтелеканалининг жамоаси томонидан ушбу чора-тадбирлар ўз якунига етиши биланFUTBOL TV телеканали ишга туширилади ва Сиз азиз футбол ишқибозларига миллионлар ўйинидан янада кўпроқ баҳра олиш имкониятини тақдим этилади!
FUTBOL TV телеканали бутун Ўзбекистон бўйлаб намойиш этилади. FUTBOL TV телеканали ўз фаолиятини шу йилнинг март ойида бошлаши режалаштирилмоқда. Ушбу телеканал ишга туширилишининг аниқ санаси алоҳида эълон қилинади. UZREPORT TV – сюрпризлар давом этади! Бу ҳали ҳаммаси эмас...