Galaxy Note 7 билан боғлиқ можароларга қарамасдан Samsung компаниясининг 2016 йилдаги даромадлари ўсди

Қўшилди: 28 январ 2017 10:00
Кўрилди: 721
Комментарии: 0
Galaxy Note 7 билан боғлиқ можароларга қарамасдан Samsung компаниясининг 2016 йилдаги даромадлари ўсди
Samsung Electronics компаниясининг 2016 йил якунлари бўйича савдодан олган фойдаси 10,7 фоизга ўсиб, 29,2 триллион вон (25 миллиард доллар)ни ташкил қилди. Йиллик даромад 0,6 фоизга ошиб, 201,9 триллион вон (172,9 миллиард доллар)га етди. Бу ҳақда компания ҳисоботига таяниб, «Vc.ru» хабар берди.
Samsung 2016 йилнинг тўртинчи чорагини 9,2 триллион вон (7,89 миллиард доллар) фойда билан якунлади. Бу 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 50 фоизга кўпроқ. Бу компаниянинг савдодан тушган фойда бўйича охирги уч йилдаги энг яхши натижаси.
2016 йил тўртинчи чоракдаги компаниянинг даромади 1 фоизга ошиб, 53,3 триллион вон (45,7 миллиард доллар)ни ташкил қилди.
Фойданинг ўсиши хотира чиплари ва дисплейлар савдосининг ошиши билан боғлиқ. Уларнинг ҳиссаси умумий қийматда савдодан тушган фойданинг 68 фоизини ташкил қилди. Шунингдек, Galaxy S7 ва S7 Edge смартфонларининг савдосидан тушган фойда ҳам бу ўсишда муҳим ўрин эгаллаган.
Galaxy Note 7 смартфонлари савдосининг бекор қилиниши ва уларнинг сотувдан қайтариб олиниши компания кўрсаткичларига жиддий таъсир кўрсатмади, деб таъкидлаб ўтган Samsung расмийлари. Аввалроқ компания смартфонларнинг ёниб кетиши билан боғлиқ можаролар тўртинчи чоракда савдодан тушган фойданинг 1,8 миллиард долларгача тушишини кутганди.
Samsung 2016 йил август ойида Galaxy Note 7 ни савдога чиқарди, бироқ компания кузда телефонларнинг ишлаши ёки қувват олиши вақтида ёниб кетиши билан боғлиқ кўп сонли ҳодисалар туфайли смартфонлар савдосини ва ишлаб чиқаришни тўхтатди. Можаролар сабабли 2016 йил учинчи чоракда савдодан тушган фойда 30 фоизга пасайиб, 4,6 миллиард долларни ташкил қилди, компания эса 7,02 миллиард доллар фойда олишни кўзлаганди.