Дунёни 40 кунда айланиб чиққан франциялик денгизчилар жаҳон рекордини ўрнатди

Қўшилди: 27 январ 2017 13:00
Кўрилди: 548
Комментарии: 0
Дунёни 40 кунда айланиб чиққан франциялик денгизчилар жаҳон рекордини ўрнатди
IDEC Sport елканли тримаранида 40 кун ичида бутун дунёни айланиб чиққан франциялик денгизчилар гуруҳи жаҳон рекордини ўрнатди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Ушбу муваффақиятга эришган ва якунда «Жюль Верн мукофоти»ни қўлга киритган экипаж олти кишидан иборат бўлиб, унга 60 ёшли яхтсмен Франсис Жойон раҳбарлик қилди.
Саёҳатни 16 декабрь куни Францияга қарашли Уэссан ороли ва Британиянинг Лизард бурни орасидаги шартли нуқтадан бошлаган спортчилар бутун дунёни айланиб, старт нуқтасига 40 кун 23 соат 30 дақиқа ва 30 сонияда қайтиб келди.
Шу тариқа, улар бошқа бир денгизчи — Лойк Пейроннинг 2012 йил ўрнатган рекордини ортда қолдирди. Пейрон бутун дунёни 45 кун 13 соат 42 дақиқа ва 53 сонияда айланиб чиққан эди.
Маълумот ўрнида, «Жюль Верн мукофоти»га 1992 йил «Дунё бўйлаб 80 кун» ассоциацияси томонидан асос солинган.