2,2 мингдан зиёд фаолият кўрсатмаётган тадбиркорларнинг фаолияти тикланди

Қўшилди: 22 январ 20:00
Кўрилди: 243
Комментарии: 0
2,2 мингдан зиёд фаолият кўрсатмаётган тадбиркорларнинг фаолияти тикланди
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди.
Унда адлия органлари ва муассасалари томонидан қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш соҳасида 2016 йилда амалга оширилган ишлар якуни ва жорий йилда бажарилиши лозим бўлган вазифалар атрофлича муҳокама этилди. 
Адлия вазири М.Икромов бошқарган йиғилишда адлия органлари мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида муҳим ўрин тутувчи кўплаб қонун ҳужжатларини тайёрлаш, амалда жорий этиш, бир хилда ва аниқ қўлланилишини таъминлаш борасида изчил фаолият олиб бораётгани таъкидланди.
2016 йилда 75 норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан, 14 қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилди. 2,5 мингдан ортиқ қонун ҳужжати лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. 309 идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат давлат рўйхатига олинди. 
Аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича вазирлик ва идораларга 6 мингдан ортиқ тақдимнома киритилиб, уларнинг мингдан зиёд ноқонуний қарори бекор қилинди. 
Тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси юзасидан муайян ишлар амалга оширилди. Судларга киритилган 122 миллиард сўмга яқин даъво аризалари қаноатлантирилди. 2,2 мингдан зиёд фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлик субъектларининг фаолияти тикланиб, уларда 5 мингдан ортиқ иш ўрни яратилди. 
Олиб борилган назорат ишлари натижасида тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган ноқонуний текширишлар 87 фоизга, текширишлар тартибини бузиш ҳолати 37 фоизга камайди.