Озодбек Назарбеков Сергелида «дом» қураётгани йўқ. Лекин топшириқ бўлса, «қўлидан келганча» бажаришга тайёр

Қўшилди: 17 январ 19:00
Кўрилди: 426
Комментарии: 0
Озодбек Назарбеков Сергелида «дом» қураётгани йўқ. Лекин топшириқ бўлса, «қўлидан келганча» бажаришга тайёр
Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков унга ҳукумат томонидан Тошкентнинг Сергели туманида олиб борилаётган қурилиш ишларида жонбозлик кўрсатиш бўйича кўрсатма берилгани ҳақидаги гап-сўзларга изоҳ берди. Хонанда бу ҳақда «Shov-shuv.uz» сайти муаллифи Жасур Ҳамроевга берган интервьюсида айтиб ўтди.
Бир муддат аввал Тошкентнинг Сергели туманида қуриладиган юзлаб кўп қаватли уйлардан баъзилари Озодбек Назарбеков томонидан қурилиши ҳақида миш-мишлар тарқалган, бу миш-мишлар юзасидан бошқа машҳур санъаткорлар, хусусан, таниқли сўз устаси Обид Асомов ҳам фикр билдирган.
"Агар ҳукуматимиз олдимга қандайдир вазифа қўйса, уни аскар мисоли бажаришга ҳаракат қиламан. Чунки бу мен учун фахр, шараф. Лекин буларнинг бари ёлғон, бўҳтон, туҳмат, миш-миш, уйдирма гаплардир. Бу миш-мишлардаги гапларга яқинроқ воқеа ҳам бўлмаган ҳатто. Лекин, яна қайтариб айтаман, топшириқ қўйиладиган бўлса, қўлимдан келганча, кучим етганча Ватанга хизмат қилиш — мен учун шараф."
Озодбек Назарбеков, Ўзбекистон халқ артисти
Жасур Ҳамроев бундай миш-мишлар ўз-ўзидан пайдо бўлмаслигини айтиб, қўшимча савол билан мурожаат қилган. Хонанда бу борада ўз тахминини билдирган.
"Шаҳрисабзда эски карвонсаройни, ҳозирги замон тили билан айтганда — меҳмонхонани қайта таъмирлаб, анжомлар билан таъминлаб, Мақом марказига айлантирдик. Бу асосан сайёҳлар учун хизмат қиладиган, фақат жонли ижродаги куй-қўшиқдан иборат бўлмай, балки ресторан сифатида фаолият кўрсатадиган бир муассасадир. Оқсарой мажмуасидаги қурилиш ишларига ҳисса қўшганим — мен учун катта шараф, ўзим учун тарихий воқеа.
Балки мана шу ишга қўл урган, Шаҳрисабздаги қурилишларда қатнашганим, ким билсин, узун-қулоқ гаплар билан бошқача маънода талқин этилиб, Сергелига «ўтиб», мана шундай уйдирма гапларга сабаб бўлгандир."
Озодбек Назарбеков, Ўзбекистон халқ артисти
Аввалроқ Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков 2017 йилда концерт бермаслиги маълум қилинган ва бу ҳам турли миш-мишларга сабаб бўлган эди.
Кейинроқ Назарбеков бу миш-мишларни рад этиб, апрелдаги концерт кунларини шахсан ўзи ҳамкасби, Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмоновага таклиф қилганини билдирган.