Ургутда, Ғиждувонда, Қўқонда ва Ҳазораспда эркин иқтисодий зоналар ташкил этилади

Қўшилди: 14 январ 11:00
Кўрилди: 501
Комментарии: 0
Ургутда, Ғиждувонда, Қўқонда ва Ҳазораспда эркин иқтисодий зоналар ташкил этилади
Самарқанд вилоятининг Ургут туманида, Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида, Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида, Хоразм вилоятининг Ҳазорасп шаҳрида «Ургут», «Ғиждувон», «Қўқон», «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналари ташкил этилади. Тегишли фармонни 12 январь куни Шавкат Мирзиёев имзолади, деб хабар беради «Газета.uz».
«Ургут», «Ғиждувон», «Қўқон», «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналарининг фаолият юритиш мухлати 30 йилни ташкил этади, кейинчалик бу вақтни узайтириш мумкин бўлади. Шу давр ичида ЭИЗлар ҳудудида солиқ, божхона ва валюта режимлари амал қилади. Шунингдек, ЭИЗлар ҳудудида логистик марказлар ва божхона постлари ташкил этилади.
«Ургут», «Ғиждувон», «Қўқон», «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналари фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагилардир:
  • хорижлик ва маҳаллий инвесторлардан тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилиб, ташқи бозорларда талабгир ҳамда импортнинг ўрнини босувчи юқори қўшимча қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш;
  • Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Хоразм вилоятларида ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ва самарадор фойдаланилишини таъминлаш;
  • мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш, тесктиль, гиламдўзлик, пойабзал, тери-кўнчилик, экологик хавфсиз кимёвий, фармацевтика, озиқ-овқат, электротехник саноат, машинасозлик, автомобилсозлик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда янги замонавий ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш;
  • маҳаллий хом ашё ва материаллар асосида юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш;
  • ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни халқаро стандартларга мувофиқ стандартлаш, сертификатлаш бўйича илмий-ишлаб чиқариш марказларини яратиш.
Яратилаётган эркин иқтисодий зоналар дирекциялари бутун фаолият даври мобайнида солиқ ҳамда давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий тўловлардан озод этилади.