Telegram’да суҳбатдош қабул қилиб бўлган хабарларни ўчириш имкони пайдо бўлди

Қўшилди: 06 январ 2017 11:00
Кўрилди: 615
Комментарии: 0
Telegram’да суҳбатдош қабул қилиб бўлган хабарларни ўчириш имкони пайдо бўлди
Telegram мессенжерининг янгиланган 3.16-версиясида суҳбатдошга жўнатилган, у қабул қилиб, ўқиб бўлган хабарни ўчириш имконияти пайдо бўлди. Бу ҳақда сервиснинг блогида маълум қилинган.
Фойдаланувчи энди нафақат икки кишилик чатларда, балки гуруҳ суҳбатларидаги хабарларини ҳам ўчириши мумкин — иккинчи ҳолатда фойдаланувчи йўллаган хабар конференс-гуруҳнинг барча аъзоларида йўқолади. Юборилган хабарни 48 соат ичида ўчириш мумкин.
Аввал Telegram’да фойдаланувчи хабарларни фақат ўзи учун ўчириши мумкин эди — хабарни қабул қилган одамда «ўчирилган» хабар барибир кўриниб турарди. Махфий чатлардаги суҳбатларни эса махсус таймер ёрдамида автоматик тарзда ўчириб ташлайдиган қилиб қўйиш мумкин эди.
Хабарларни ўчириш функциясидан ташқари, мулоқот саҳифасига ўтиш учун янада қисқароқ ҳаволалардан фойдаланиш (telegram.me/username ўрнига t.me/username), шунингдек, созламалар бўлимида дастурдан фойдаланиш давомида қабул қилинган ва узатилган трафик ҳақида маълумот олиш мумкин бўлди.
3 январь куни Telegram мессенжери Android операцион тизимининг эски версияларини қўллаб-қувватлашдан воз кечгани маълум бўлди (Telegram’чиларнинг тахминан 1,3 фоизи эски Android’дан фойдаланади): энди мобил дастурдан операцион тизимнинг фақат 4.0 ва ундан юқори версияларида фойдаланиш мумкин бўлади.
Компаниядан маълум қилишларича, Telegram’нинг 85 фоиз фойдаланувчиси Android қурилмалардан фойдаланади.