Актёр Матёқуб Матчонов: Амнистия сабаб озодликка чиқдим

Қўшилди: 13 декабр 2016 11:00
Кўрилди: 776
Комментарии: 0
Актёр Матёқуб Матчонов: Амнистия сабаб озодликка чиқдим
Бир неча ой аввал озодликдан маҳрум этилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Матёқуб Матчонов «Даракчи» газетасига интервью берди.
«Darakchi.uz»нинг ёзишича, бундан тўрт ойча аввал Матёқуб Матчонов маълум сабабларга кўра озодликдан маҳрум этилгани ҳақида гап-сўзлар тарқалган. Актёр ўз интервьюсида ўтган давр мобайнида бошидан ўтганлари ҳақида қисқача сўзлади.
«Инсон барибир ўзи билмаган ҳолда хатоларга йўл қўяр экан. Айтмоқчиманки, кўнгилчан, ишонувчанлик билан панд ер эканмиз. Мен ҳам вазият қурбонига айланиб қолдим. Санъатдан бўш вақтимда тадбиркорлик билан шуғулланиб, бировларга ишониб қолган эканман. Алдандим. Лекин мени таниган, ҳурмат қилган ва мухлислик қилганларни уялтириб қўядиган иш қилмаганман», — дейди актёр.
«Асосийси, мен Ватанимга, оиламга ва халқимга ҳеч қачон хиёнат қилмаганман, қилмайман ҳам. Буни баралла айта оламан. Бўлиб ўтган воқеаларга эса батафсил тўхталиб ўтишни истамасдим… Тўрт ой ичида ўзимдан ўтганини ўзим билдим, бу мен учун бир умрга таътигулик мактаб бўлди. Мени шу ҳолга солганларга эса айтар гапим йўқ. Ҳамманинг ўз виждонига ҳавола», — деди Матёқуб Матчонов.
«Менинг вазиятимда дўстларим сараланиб, камайгани йўқ. Аксинча уларнинг сони ортди. Шу кунгача севимли эканлигимни, дўстларим қаттиқ қадрлашини билмаган эканман. Ўтган вақт давомида ҳамкасбларим, яқинларим, шогирдларим куч бағишлаб туришди. Бунинг учун уларга миннадорчилик билдираман. Ҳукуматимиз томонидан эълон қилинган амнистия сабаб озодликка чиқдим. Бунинг учун ҳукуматимизга ҳам алоҳида ташаккур айтаман», — деди актёр.
«Бироқ бўлган вазиятни билиб-билмай баҳолаб, обрўимга путур етказмоқчи бўлганлар ҳам топилди. ‘Ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди’, деганларидек, мана, ёруғ кунларга ҳам чиқдим. Улар эса ўша заҳоти ниқобларини ўзгартириб, мендан узр сўрашга шошилишди. Ортимдан туҳмат-бўҳтон қилиб, кейин кечирим сўрашнинг нима кераги бор? Тўғрими?», — дея қўшимча қилди Матёқуб Матчонов.