БМТ Бош ассамблеяси 71-сессиясида Ўзбекистондаги Президент сайлови ҳақида таҳлилий маълумот тарқатилди

Қўшилди: 28 ноябр 2016 12:00
Кўрилди: 673
Комментарии: 0
БМТ Бош ассамблеяси 71-сессиясида Ўзбекистондаги Президент сайлови ҳақида таҳлилий маълумот тарқатилди
БМТ Бош ассамблеяси 71-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида халқаро ташкилотнинг барча 6 расмий тили — инглиз, араб, испан, хитой, рус ва француз тилларида Ўзбекистонда партиялараро рақобат ҳамда фикрлар хилма-хиллиги ҳақидаги таҳлилий маълумот тарқатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ҳужжатда Ўзбекистонда босқичма-босқич ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти шакллантирилаётгани таъкидланган. Бунда замонавий демократиянинг асоси бўлган очиқ ва эркин сайловлар ташкилланиши ҳамда мунтазам ўтказилиши учун зарур шароитлар яратилгани улкан аҳамиятга эга бўлмоқда.
Миллий сайлов қонунчилигининг ривожланиши изчил амалга оширилмоқда. Жумладан, 1999 йилда сиёсий партиялар, ҳокимият вакиллик органлари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, 2004 йилда сиёсий партиялар ва ташаббускор гуруҳлар депутатликка номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлган бўлса, 2009 ва 2014 йилларда бундай ҳуқуқ фақат сиёсий партияларга берилди. Мазкур ўзгаришлар партиялар фаолият доираси кенгайгани, уларнинг жамиятдаги нуфузи, қолаверса, халқ ва мамлакат олдидаги масъулияти ҳам ортиб бораётганини кўрсатмоқда.
Қабул қилинган қонунлар туфайли сиёсий партияларнинг парламент, халқ депутатлари кенгашларидаги вакиллари орқали ҳокимият органлари фаолиятини назорат қилиш, минтақалар ва мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши борасидаги муҳим вазифаларни ҳал қилишда фаол иштирок этишига имкон беради.
Буларнинг барчаси фуқаролар ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошиши, сиёсий кучлар сайловолди платформалари ва дастурлари асосида сайловларда қатнашиши, сайловчилар овози учун ҳақиқий курашнинг кучайиши, умуман, сайлов кампанияси тўлақонли кечишига хизмат қилмоқда.
«Сайлов кампанияси давомида миллий қонунчиликка оғишмай риоя этилиши, сиёсий партиялар ва барча фуқаролар фаол ҳаётий ҳамда сиёсий позицияларини намойиш этиши Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови демократик тамойилларга тўлиқ таянган ҳолда, муваффақиятли ўтказилишига имкон беради», — дейилади ҳужжатда.