Озодбек Назарбеков шогирди Баҳром Назаровга танбеҳ берди

Қўшилди: 28 ноябр 2016 10:00
Кўрилди: 772
Комментарии: 0
Озодбек Назарбеков шогирди Баҳром Назаровга танбеҳ берди
Хонанда Баҳром Назаров 26—27 ноябрь кунлари Тошкентдаги «Истиқлол» санъат саройида «Бахт учун» номли яккахон концерт дастурини тақдим этди.
Концертнинг биринчи кунида меҳмон бўлган журналист Феруз Муҳаммад Баҳром Назаровнинг чиқишини залнинг 15-қаторидан ўтириб кузатган Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг дастур ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.
Маълумот учун, Озодбек Назарбеков хонанда Баҳром Назаровнинг устози саналади.
— Баҳром Назаровнинг аввалги концертида ҳам кузатганман, бу йил ҳам айнан шунга гувоҳ бўлдим: шогирдингиз концертини орқа қаторларда ўтириб кузатасиз. Бунинг сабаби нима?
— Шогирдларнинг концертларини иложи борича орқароқ қаторларда ўтириб кузатишга ҳаракат қиламан. Чунки шу ердан хонанданинг саҳна билан, томошабинлар билан боғланишини яхшироқ томоша қилиш, жараёнга тўғри ва аниқ баҳо бериш имкони бор.
— Баҳром Назаровнинг ўтган йилги концерти мухлислар томонидан яхши кутиб олинган эди. Ўшанда ҳам концерт кунлари давомида шогирдингизга унинг хато-камчиликларини айтиб турган эдингиз. Хонанданинг бу галги концертида қандай камчиликларни илғадингиз?
— Ўзига яраша камчиликлар бор. Энг катта камчилик — жамоанинг ҳам, Баҳромнинг ҳам кайфияти пастлиги бўлса керак, менимча. Бу Баҳромнинг бор-йўғи иккинчи концерт дастури, шунинг учун унда ҳаяжон ҳали ҳам кучли бўлиши табиий. Хонанда саҳнани ўзиники қилиб олиши, унда эркин ҳаракатланиши учун кўп йиллик тажриба керак. Қанчалик танбеҳ берганимни ўзингиз ҳам кўрдингиз, концертнинг иккинчи кунида анча ўзгариш бўлишига аминман.
— Сизнингча, концертда унга ортиқчалик қилган, унга керак бўлмаган бирорта қўшиқ, рақс, саҳна кўриниши бўлдими?
— Концерт бошида бошловчининг саҳнага чиқиб, «Концерт дастуримизни бошладик, ҳозир саҳнага Баҳром Назаровни таклиф қиламиз!», деган гапларни айтишига ҳожат йўқ эди. Чунки бу гала-концерт эмас, одамлар кимнинг концертига келганини яхши билади. Парда очилиши билан хонанда саҳнага чиқиб, мухлислар билан саломлашиб, қўшиқ куйлаши керак эди.
— Шогирдингиз Баҳром Назаровнинг бу галги концертида ютуқ томонлари ҳам борми?
— Репуртуар жуда чиройли! Айниқса, ғазаллар асосида куйлаган қўшиқлар, классик адабиётга мурожаат қилгани жуда яхши. Бири биридан гўзал ижод намуналарини мухлисларга етказиб бера олиш — муҳим аҳамиятга эга ва замонавий хонанданинг вазифаларидан бири. Концертдаги янги қўшиқларни бир куйлашнинг ўзидаёқ мухлисларга ёқадиган даражада ҳавола қилиш жуда қийин. Сабаби, қўшиқ ҳали реклама қилинмаган, қўшиққа нисбатан кўпчиликнинг фикри ўрганилмаган бўлади. Янги қўшиқни мухлислар яхши қабул қилиш учун қўшиққа бўлган эътиборни кучайтириш лозим, бу эса бевосита хонандага боғлиқ бўлган жараёндир. Юки бор қўшиқларни шунчаки куйлаб, навбатдаги қўшиққа ўтиб бўлмайди.
— «Дизайн» жамоасининг: «Жонли ижрода куйлай оласизми?», деган саволига жавобан Баҳром Назаров сизнинг хит даражасига чиққан «Мажнунтолнинг новдалари» қўшиғингизни куйлаб берди. Бу жонли ижрога муносабатингиз қандай? Ҳар холда, қўшиқнинг асл эгаси сифатида ижрочининг хато ва камчиликларини бошқаларга нисбатан аниқроқ кўришингиз табиий.
— Баҳром икки соатлик концертни 100 фоиз жонли ижрода бемалол ўтказа олишига кўзим етади. У кўплаб давраларда жонли ижрода куйлаб юрган, жонли ижрода суяги қотган шогирдларимдан. Бугунги ижроси ҳам яхши бўлди. У бугун жонли ижрода куйлаб юрган Баҳром Назаров учун жонли ижрода куйлашнинг қўрқинчли томони йўқлигини яна бир карра исботлади. Шунчалик куйлай олар экан, унда нега 100 фоиз жонли консент бермайди, деган савол туғилиши табиий, албатта. Саволнинг жавоби — жонли ижрода концерт беришнинг бошқа техник талаблари бор, ёш хонандаларнинг ўша талабларга жавоб беришга кучи етмаяпти. Бу кўпроқ молияга бориб тақаладиган муаммо — жонли ижрода бўладиган икки соатлик концерт учун ҳар бир созанда камида уч ой меҳнат қилиши керак. Дастурда 20 созанда қатнашса, уларни тўплаш, овқатлантириш, маошини тўлаш — барча-барчаси хонанданинг елкасида бўлади. Шундай жиҳатлари борлиги сабаб, бугун нафақат Баҳром Назаров, бошқа кўплаб ёш, забардаст хонандаларимиз жонли ижрода концерт беришга журъат қила олмаяпти.