“Ана сюрпризу, мана сюрприз”

Қўшилди: 26 ноябр 2016 21:00
Кўрилди: 771
Комментарии: 0
“Ана сюрпризу, мана сюрприз”
Ҳурматли журналистлар, азиз ҳамкасблар!
Барчамиз учун қадрдон бўлган “Маҳаллада дув-дув гап”, “Сен етим эмассан”, “Оловли йўллар” каби кўплаб кинофильмларни томошабинларга тақдим этган, “Эл-юрт ҳурмати” ордени ва “Шуҳрат” медали соҳиби Шуҳрат Аббосов режиссёрлигида ишчи номи “Маҳаллада дув-дув гап - 2” (“Ана сюрпризу, мана сюрприз”) бадиий фильмини тасвирга олиш ишлари якунланиб қолди. Фильм “Dono Productions” кинокомпанияси томонидан суратга олинмоқда.
“Маҳаллада дув-дув гап - 2” кинофильмининг асосий воқеалари Фарғона вилояти (Фарғона, Марғилон, Қўқон шаҳарлари, Риштон, Ўзбекистон туманлари) ва Тошкент шаҳрида тасвирга олинди. Бош қаҳрамон, маҳалла фуқаролар йиғини раиси – Хосият опа ва унинг уч нафар ўғли атрофида рўй берадиган воқеалар орқали, умуман республикамизда сўнгги йилларда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари, маҳаллий аҳоли онгида рўй берган маънавий ўзгаришлар, эртанги кунга бўлган ишончнинг ортиши жараёни юксак бадиий маҳорат билан тасвирланади.  
Фильмда бош қаҳрамон ролини Дилбар Икромова, унинг уч ўғлини – ёш актёрлар Эркин Бозоров, Суръат Исломов, Аббос Ибрагимовлар гавдалантирган.
Актёрлар жамоаси таркибида Ҳусан Шарипов, Обид Асомов, Гулчеҳра Жамилова, Муқаддас Ҳолиқова, Муяссар Бердиқулова, Мадина Мухторова, Валижон Шамсиев, Дилшодбек Каттабеков, Моҳира Нурматова, Шодия Тўхтаева, Ширин Исмоилова, Лазиза Нозимхонова, Зебинисо Ҳолиқова, Кумуш Ўктамова каби ўнлаб халқимиз суйган ижодкорлар бор.
Постановкачи режиссёрлар – Шуҳрат Аббосов ва Нозим Аббосов. Сценарий муаллифи – Шоира Ғиёсова. Иккинчи режиссёр Фарҳод Худойбердиев. 30 кишидан иборат тасвирга олиш гуруҳи қарийб 50 кундан буён съёмка жараёнларида меҳнат қилишмоқда.  
Тасвирга олиш жараёни билан бевосита танишиш, режиссёр ва актёрлардан интервью олиш учун алоҳида кунлар белгиланди. Хусусан, 2016 йил 28 ноябрь куни соат 14:30-16:30 Муқимий театри орқасидаги лицей биносида, 29 ноябр куни соат 10.00-16.30 оралиғида Бешёғочда жойлашган Байналмилал маданият маркази орқасидаги қурилиш майдонида бўлиб ўтадиган съёмка жараёнига  барча журналистларни лутфан таклиф этамиз.
Кинони суратга олиш бўйича фотобаза ҳар бир оммавий ахборот воситаси учун алоҳида тайёрлаб қўйилган.
Қўшимча савол ва мурожаатлар учун телефон:
+99890 916-06-46 (Раҳматжон Бўрибоев).