Евроиттифоқда ўртача умр кўриш даражаси биринчи бор 80 ёшдан ошди

Қўшилди: 24 ноябр 2016 16:30
Кўрилди: 663
Комментарии: 0
Евроиттифоқда ўртача умр кўриш даражаси биринчи бор 80 ёшдан ошди
Евроиттифоқ мамлакатлари фуқароларининг ўртача умр кўриш даражаси биринчи бор 80 ёшдан ошди. Бу ҳақда Европа комиссияси ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти томонидан тақдим этилган ҳисоботда маълум қилинди, дея хабар беради «Интерфакс».
Тадқиқотга кўра, узоқ вақт Евроиттифоқда ҳаёт давомийлиги мутаносиб бўлмаган: ғарбий давлатларда фуқаролар марказий ва шарқий мамлакатларга нисбатан ўртача 8 йилга кўпроқ яшаган. Ушбу фарқни қисқартиш ҳали кўп уринишларни талаб этади.
Ҳисобот охирги 20 йил мобайнида Евроиттифоқ давлатларида умр давомийлиги ўртача 10 йилга кўпайганини кўрсатмоқда. Бироқ сурункали касалликлар ва улар билан боғлиқ хатарлар — семириш, тамаки чекиш ва спиртли ичимликлар ичиш умумий кўрсаткичларга кучли таъсир кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, Европада туғиш кўрсаткичининг пасайиши ва кекса ёшдаги аҳоли сони ошиб бориши кузатилмоқда. Жумладан, ёши 65 дан катта бўлган фуқаролар сони охирги 25 йилда икки баробар кўпайиб, 20 фоизга етган. 2060 йилга келиб эса бу кўрсаткич 30 фоизни ташкил этиши мумкин.