Олимлар Ер мантиясида океан топди

Қўшилди: 23 ноябр 2016 10:00
Кўрилди: 717
Комментарии: 0
Олимлар Ер мантиясида океан топди
Ер қатламининг 400–600 километр чуқурлигида улкан ҳажмда сув захиралари бўлиб, улар минералларда сақланади. Ушбу хулосага келган Альберта университети (Канада) олимларининг тадқиқотлари натижаларининг қисқа ҳисоботи The International Business Times нашрида келтирилди, деб хабар беради«Интерфакс».
Илгари олимлар магний гидроксиди минералида (брусит) мавжуд сув Ернинг юқори мантиясида бўла олмаслигини тахмин қилар эди, негаки у ернинг юқори босими минерални парчалайди. Олдин ўтказилган тажрибалар юқори босим остида бруситдан ажраладиган суюқлик Ер юзасига вулқон фаоллиги чоғида чиқишини кўрсатди.
Аммо бу сафар тадқиқотчилар юқори босим таъсирига чидамли брусит турини аниқлашга муваффақ бўлди. PNAS журналида чоп этилган мақолада айтилишича, тадқиқот муаллифлари Манак Мухержи ва Андреас Херманн мингдан ортиқ тажриба ўтказиб, босимга чидамли брусит турини аниқлаган.
«Бу ‘Пандора қутиси’ни очади. Биз сув брусит сингари сувли минералларда сақланади деб ўйламаган эдик. Аммо энди буни билар эканмиз, галдаги вазифамиз — унда қанча сувни сақлаш мумкинлигини аниқлаш», — деди Мухержи.
Илгари Альберта университети олимлари сайёра пўст қатламининг остидаги сув Ер массасининг 1,5 фоизини ташкил этиши мумкинлигини маълум қилган эди. Бу сайёранинг юзасидан барча сувлар массасига тенгдир.
Ер мантияси остидаги сув ҳажми қанча эканлигини билиш геологик жараёнлар, вулқонлар фаоллиги ва зилзилаларни тушуниш учун муҳимдир. Бу геологларга сайёранинг шаклланиш жараёнларини ҳамда унинг бугунги ҳолатини ўрганишга ёрдам беради.
«Бу мақола — бошқотирманинг бир қисми, лекин тўлиқ манзара эмас. Ҳозирги пайтда биз буни ҳисоб-китоб қила олмаймиз, аммо йиллар давомида олиб борилган тадқиқотлар туфайли биз жиддий тарзда олға силжидик», — деб таъкидлади кашфиёт муаллифлари.
Бундан ташқари, айтилишича, Ер остидаги сувларнинг моҳиятини тушуниш ташқаридаги сув ресурсларини бошқаришда ҳам қўл келади, негаки сайёра ичида сув йўқола бошласа, геодинамик жараёнлар туфайли бу Ер юзасида ҳам акс этади.
«Бу плиталар тектоникасига таъсир ўтказади. Литосфера қотганидан сўнг бизда зилзилалар бўлмайди. Вулқонлар эса Ер қатларининг шаклланишида муҳим ўрин тутади, бу силсиланинг барча ҳалқаларида акс этади. Кўп олимларнинг фикрича, Ерга ўхшаган сайёралар шуни бошдан кечирган. Шу тариқа, Ер остидаги сувлар геодинамик фаолликни сақлаш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга», — деди Мухержи.
Унинг фикрича, сайёрада ички сув захираларининг қуриш таҳдиди ҳозирча мавжуд эмас.