«Ўзбекистон ҳаво йўллари» онлайн-бронлаш ва ҳақ тўлаш бўйича хизматлар турини кенгайтиради

Қўшилди: 17 октябр 2016 20:30
Кўрилди: 710
Комментарии: 0
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» онлайн-бронлаш ва ҳақ тўлаш бўйича хизматлар турини кенгайтиради
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» шу йил 18 октябридан авиачипталарни онлайн-бронлаш ва улар учун UzCard банк карточкалари воситасида ҳақ тўлаш бўйича хизматлар турини кенгайтиради. Бу ҳақда миллий авиакомпания сайти хабар бермоқда
Энди уйдан ёки офисдан туриб исталган пайт республика ичидаги йўналишлар, шунингдек, хориж мамлакатларига авиачипталарни мустақил равишда расмийлаштириш мумкин.
Буюртмани расмийлаштириш учун авиакомпания сайтига кириш лозим. Хизматлар авиачипталар сотишнинг амалдаги қоидаларига мувофиқ амалга оширилади ва UzCard пластик карталари воситасида ҳақ тўланади. Кейинги босқичда Visa ва MasterCard валюта пластик карталари ёрдамида ҳақ тўлаш тизимини амалга татбиқ этиш режалаштирилган.
Интернет орқали бронлаш ва ҳақ тўлаш муваффақиятли амалга оширилганда, бронлаш пайтида кўрсатилган электрон манзил ва мобил телефон рақамига сафарингиз ҳақида батафсил маълумот акс этган электрон чиптанинг йўналиш кўриниши, шунингдек, харид тасдиқланганлиги ва UzCard пластик карточкасидан маблағ ечиб олинганлиги тўғрисида SMS-хабар оласиз.
Учиб кетиш аэропортида электрон авиачипта кўриниши ва йўловчи шахсини тасдиқловчи ҳужжатни (паспорт) кўрсатиш кифоя. Интернет орқали бронлаш ва ҳақ тўлаш рейс парвозидан камида 3 соат олдин амалга оширилиши мумкин.