Ўзбекистонда Корея Республикаси фестивали бошланди

Қўшилди: 14 октябр 2016 09:15
Кўрилди: 425
Комментарии: 0
Ўзбекистонда Корея Республикаси фестивали бошланди
Ўзбекистонда Корея Республикаси фестивали бошланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Тошкентдаги «Зарқайнар» мажмуасида анъанавий корейс миллий либослари намойишининг очилишига турли вазирлик ва идоралар, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, маданият ва санъат намояндалари, дизайнер ва рассомлар, ўқувчи-ёшлар таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазири ўринбосари, «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси бош директори Фарҳод Жўраев, Корея элчиси Квон Ён У ва бошқалар Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлиги икки халқ ўртасидаги қадимий дўстликдан қувват олишини таъкидлади.
Ўзбекистонда бу йил ўтказилаётган Корея Республикаси фестивали ранг-баранг дастурлар, тақдимот маросимлари, модалар намойиши, концертлар, кино санъати байрамлари, театрлаштирилган томошаларга бой. Фестиваль доирасида Корея Республикасининг мамлакатдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси кубоги учун ўсмирлар иштирокида таэквондо бўйича мусобақа бўлиб ўтади. «Туркистон» саройида мусиқа ихлосмандлари ушбу мамлакатнинг нафис мусиқасидан баҳраманд бўлиш имкониятига эга бўлади. Бундай мусиқий концерт дастурлари Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида ҳам ташкил этилади. Тошкентдаги Ёшлар ижод саройида ўтадиган Жанубий Корея фильмлари фестивалида «Отамга бағишлов», «Ҳимолай», «Детектив К» сингари фильмлар намойиши режалаштирилган. 21–22 октябр кунлари Ўзбекистон ёшлар театрида таниқли рассом Ли Жонг Соп фаолиятига бағишланган театрлаштирилган мусиқий томоша намойиш этилади.
Корея Республикаси фестивали дизайнер Ли Ёнг Хи томонидан яратилган анъанавий либослар намойиши билан бошланди.