Самарқандда эркин иқтисодий зона ташкил этилади

Қўшилди: 05 октябр 2016 20:30
Кўрилди: 901
Комментарии: 0
Самарқандда эркин иқтисодий зона ташкил этилади
Ургут туманида эркин иқтисодий зона ташкил этилади. Ушбу ташаббусни Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев вилоятга ташрифи чоғида илгари сурди, деб хабар беради «Газета.uz».
Айни пайтда Ургут туманидаги 42 гектар майдонни эгаллайдиган саноат зонасида 40 та саноат корхонаси, шу жумладан, 19 та қўшма корхона фаолият юритмоқда. Ушбу корхоналарда 1200 киши ишламоқда.
Ўтган йили ушбу корхоналар 157,5 миллиард сўмлик 20 минг турдаги саноат маҳсулотларини ишлаб чиқарди, экспорт ҳажми 10 миллион доллардан ошди.
Саноат зонасида гиламлар ва гилам маҳсулотлари, синтетик тола, электр духовкалар, газ плиталари, бир марталик пластик идишлар, полимер елими ва бошқа маҳсулотлар чиқарилади.
2017 йилда Ургутда саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш бўйича 78 лойиҳани амалга ошириб, 3400 иш ўрни яратиш кўзда тутилган.
Бугунги кунда Ўзбекистонда учта иқтисодий зона фаолият юритмоқда — 2008 йилда ташкил этилган «Навоий» индустриал-иқтисодий зонаси (Навоий вилояти), 2012 йилда ташкил этилган «Ангрен» махсус индустриал зонаси (Тошкент вилояти), 2013 йилда ташкил этилган «Жиззах» махсус индустриал зонаси (Жиззах вилояти) ҳамда унинг Сирдарё вилоятидаги филиали.