Робот кўз тўр пардасида жуда мураккаб операцияни ўтказди

Қўшилди: 16 сентябр 2016 11:00
Кўрилди: 793
Комментарии: 0
Робот кўз тўр пардасида жуда мураккаб операцияни ўтказди
Робот биринчи марта Оксфорд университетида энг мураккаб кўз операциясини ўтказди, деб ёзади «Hi-tech.mail.ru». Инсон қўллари бунчалик юқори аниқликка эришиш имконини бермаган бўларди, дейилади университет хабарида.
Операция хонасида ишлатилган робот масофадан туриб бошқарилди. Операция чоғида кўз тўр пардасидаги жуда кичик қисмни олиб ташлаш керак эди.
Ҳатто энг тажрибали жарроҳ ҳам операцияни бундай аниқликда амалга ошира олмаган бўларди. Кўз тўр пардаси юзасидаги митти қисмчани олиб ташлаш учун шифокор нафас олмаслиги ва ўз юрак уришини тўхтатиши керак бўларди, акс ҳолда қалтираётган қўлдаги асбоб беморга зарар етказиб қўйиши мумкин бўларди.
Робот бир миллиметрнинг мингдан бир улушигача бўлган аниқликни таъминлайди. Митти тешикча орқали қурилма беморнинг кўзига асбобни киритди. Тўр пардани очиш учун узатмани мустақил ишлай оладиган еттита мотор бошқарди. Профессор Роберт Макларен операциянинг боришини махсус микроскопда кузатиб, қурилма ишини сенсорли экран ва жойстик ёрдамида назорат қилди.
Операция муваффақиятли кечди. Бу робот учун синовларнинг биринчи қисми бўлди, у турли муаммоли яна 12 нафар беморни операция қилиши керак.