Зоҳиршох Жўраевнинг тўйидан фоторепортаж

Қўшилди: 15 август 2013 01:18
Кўрилди: 2161
Комментарии: 0
Зоҳиршох Жўраевнинг тўйидан фоторепортаж
Жўраевлар хонадонида яна тўй. Июн ойида хонанда Зоҳиршох Жўраев ҳам уйланганидан кўпчилик хабардор. Шундай бўлсада биз бу бахтли дақиқаларни фототасмаларга муҳрлаб, сизга етказишни истадик.

 

Бу сафарги ош Андижонда. 15 июнь куни Андижондаги “Андижон” тантаналар саройида наҳорга ош берилди.  Мазкур  тўйга ҳам юртимизнинг турли бурчакларидан Жўраевларнинг мухлислари, қадрдонлари, эл таниган санъаткорлар ташриф буюришди. Айниқса, ошдан кейин водийлик аскиячиларнинг чиқишлари барчага хуш кайфият улашди.
Кейин Тошкентда: 18 июнь куни никоҳ маросими итальян стилида “CinZZano” ресторанида бўлиб ўтди. Туркиядан келтирилган махсус тўй таклифномаларидан тортиб, никоҳ ва тўй маросими сценарийсигача Зоҳиршоҳнинг ўз ғояси асосида бўлди. Шу куни соат 18:00да “Фаровон” тўйхонасида никоҳ кечаси бошланди.



Ўзига хос  кутиш ва кузатиш.
 Келин-куёвни Шоҳжаҳон Жўраев “Тўйлар муборак” қўшиғи билан кутиб олган бўлса, Шерали Жўраев икки ёшга фотиҳа бериб, ўзи “Ўлан” ва “Ёр-ёр” қўшиғи остида уларни кузатиб қўйди. Кузатувга “Тўйлар муборак” қўшиғи билан Ҳалим Жўраев якун ясади.
“Шоҳжаҳондек ўғил кўрсин”. Келин келишидан аввал куёвнинг тиззасига ёш болаларни ўтқизиш маросимида ҳазил тарзда Шоҳжаҳон Жўраев ҳам иштирок этди.

Ташриф буюрган машҳурлар: Насиба Абдуллаева, Мавлуда Асалхўжаева, Манзура, Муниса Ризаева, Шаҳзода, Нилуфар Усмонова, “Божалар”, Шоҳруххон, Сардор Раҳимхон, Амира Алибекова, Адиз Ражабов, Нодир Жўраев, Шаҳриёр, Ёқуб Аҳмедов, Шерзод Бин, Гулсанам Мамазоитова, “Афруз”, Азиз Раметов,  Ёдгор Мирзажонов, футболчи Жасур Ҳасанов, шунингдек қўшни мамлакатларнинг таниқли хонандалари.Хонанда Райҳон шу куни ўзини яхши ҳис қилмагани боис кела олмаганини маълум қилиб, ёшларни табриклаб WhatsAppдан хабар жўнатди.




Экстремал ҳиндча рақс. “Паризода” рақс дастаси ўз рақслари билан меҳмонларни хушнуд этган бўлса, Паризоданинг ўзи баланд пошнада шамлар билан ҳиндча рақс тақдим этди. 
“Бир сонияда бир неча сўз”. Даврани  Райҳон Уласенова ва  Жаҳонгир олиб боришди. Уларнинг жудаям тез ва аниқ гапиришидан бехос “Наҳотки бошловчилар хам фонограммадан фойдаланишмоқда?” деб юбордим. Бу албатта ҳазил.

“Туркия ҳайратда!”.  Тўйга олис Туркиядан ҳам  меҳмонлар ташриф буюришди. Адашмасам, улар қайсидир турк телеканаллари вакиллари бўлишса керак.  Меҳмонлар деярли ҳар бир хонанданинг олдига келиб, уларга ўз фикрларини билдириб туришди.  Айниқса, Насиба Абдуллаева  ва Муниса Ризаевалар билан илиқ кўришишди. Амира Алибекова ижодига ҳам қизиқишларини яширмай унга ташриф қоғозларини беришди. Мавлуда Асалхўжаеванинг ўзбек тилида куйлаган қўшиғи мусиқаси уларга таниш туюлди  шекилли, бироз ҳайратланишди.

Кечанинг энг жонли хонандаси. Муниса Ризаева қўшиқларини юз фоиз жонли ижрода куйлаб даврани қиздирди.Тўйхонани жунбушга келтирган  хонанда. Шаҳзода номи эълон қилинганида тўйхонада кўпчилик ўз қувончини яширмади.

Рақс майдонини оловлатган хонанда. Манзуранинг “лезгинка”сифат қўшиғи рақс майдонини ростмана “портлатди”.
Шок танаффус.  Сардор Раҳимхон тўйларда биринчи қўшиғининг ярмидан шартта ўчириб, меҳмонларни рақсга чорлашини “Раҳимхоннинг бренди” деб аташ мумкин. Одатдагидек ўз “шок танаффуси”ни эълон  қилган Раҳимхоннинг рақсга чорлови  бу гал анчагина кескин ва қатъийроқ жаранглади.
Кечадан завқланганлар. Қолган артистлар фақат навбат етиб келгунча ўтиришган бўлса, Азиз Раметов, Шерзод Бин, Амира Алибекова , “Афруз” гуруҳи йигитлари  тўйнинг бошидан охиригача маза қилиб меҳмон бўлишди.

Кеча турмаги. Адиз Ражабов мутлақо янги имижда тўйхонага кириб келганида, уни “Уммон”га тақлид қилибди деб ўйладик.  Адизнинг айтишича, бундай кўринишга оддий соч қуритгич (фен) сабабчи бўлган. Бошини ювиб чиққан Адиз, сочини қуритганидан кейин, ўзига хос соч турмаги пайдо бўлганидан ҳайратланади ва турмакни бироз “таҳрир”лаб, шу кўринишда тўйга йўл олади. Унга янги соч турмаги жуда ярашганини ҳамма эътироф этди.

Кеча премьераси. Шерзод Бин айнан шу кечада ўзининг янги пародиялари премьераси бўлишини эълон қилди. Зоҳиршоҳнинг “Юрагимдасан” қўшиғига ишланган клип пародияси бошланганда тўйхонадагиларнинг ярми ўрнидан туриб, Шерзодни ўраб олишди.  Иброҳим Тотлисас қўшиғига тақлид қилаётганида эса Шерзодга қўшилиб рақсга тушадиган катта ёшли бир меҳмон ҳам топилди. Озодбек Назарбековнинг ҳам пародияси ҳам аслига жуда ўхшади.

Хуллас, “Италия”дан бошланган тўйда Ҳиндистон, Туркия, Қозоғистон ва Тожикистон оҳанглари ҳам жаранглади. “Даракчи” учун махсус: Сардор КомиловСуратлар Абдураҳмон Содиқовга тегишли