“Мафтунингман-2” – миллий ва замонавий санъатимиз намойиши

Қўшилди: 18 июн 2016 14:30
Кўрилди: 1118
Комментарии: 0
“Мафтунингман-2” – миллий ва замонавий санъатимиз намойиши
Барчамиз учун қадрдон бўлиб қолган “Мафтунингман” кинофильми номини эшитишимиз биланоқ юзимизга беихтиёр табассум югуради.

Клара Жалилова, Турғун Азизов, Аббос Бакиров, Наби Раҳимов, Раъно Ҳамроқулова, Санъат Девонов каби буюк истеъдодлар рол ижро этган “Мафтунингман” кинофильмини такрор ва такрор кўрсак-да, ундан зерикмаймиз. Чунки, оддий халқ орасидан чиққан санъат шайдоларини кашф этган бу фильмда қайсидир маънода ўзимизни, юрагимиз туб-тубида яширинган истеъдодимиз рўёбини кўргандай бўламиз. Шунинг учундир, фильмда янграган ҳар бир қўшиқ, оммавий саҳналар биз учун жуда таниш, жуда қадрдон. Уларни тинглаганда беихтиёр кайфиятимиз кўтарилади.
Яқинда “Dono Productions” кинокомпанияси ҳам шундай масъулиятли ишга, яъни “Мафтунингман-2” кинофильмини яратишга яхши ниятлар билан қўл ургани ва ушбу кинофильм учун мамлакат бўйлаб кастинг эълон қилингани ҳақида хабар тарқалган эди.

Тан олиш керак, телеканаллар, матбуот ва интернет сайтларида эълон қилинган “Мафтунингман-2” кастингги ҳамюртларимиз орасида катта қизиқишга сабаб бўлди. Кастингнинг биринчи босқичи 7-15 июнь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди. Унда асосан Ўзбекистон Давлат консерваторияси, Давлат санъат ва маданият институти ҳамда бошқа санъат ўқув муассасалари талаба-ўқувчилари, шунингдек, ҳаваскор фуқаролар фаол иштирок этишди. Кастингда тажрибали эксперт сифатида “Мафтунингман” фильми юлдузлари, Ўзбекистон халқ артисти, профессор Турғун Азизов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Клара Жалилова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Раъно Ярашева, Лола Элтоева, “Булбулча” болалар ансамбли бадиий раҳбари Шермат Ёрматовлар самарали фаолият кўрсатишди.

Бир ҳафта давом этган дастлабки босқичда 313 нафар талабгорлар кастингдан ўтишди. “Dono Productions” томонидан берилган маълумотга кўра, кастинг 2016 йил 10 июлдан 1 августгача Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда, 1-10 августь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилади. Ҳозирча оригинал лойиҳа сифатида иш бошлаган “Мафтунингман-2” кинофильмини тасвирга олиш ишлари августь ойидан бошланади.