“Мафтунингман – 2”: Эски фильмдаги синовлар ҳаётга кўчмоқда

Қўшилди: 11 июн 2016 18:30
Кўрилди: 1299
Комментарии: 0
“Мафтунингман – 2”: Эски фильмдаги синовлар ҳаётга кўчмоқда
Истиқлол йилларида барча соҳалар сингари миллий кинематография тараққиётини қўллаб-қувватлаш учун шарт-шароитлар яратилди. Тегишли ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди, уларни ҳаётга тадбиқ этиш, кино соҳасида ҳам эркин ижод қилиш, халқимизнинг бебаҳо ўзлигини экран воситасида кенг намоён этишга имкон яратилди.
Шунга қарамасдан, кўпгина фильмларнинг сюжети асосида бир хил мавзу – тўй, севги, қайнона ва келин муносабатлари ётгани кўпгина кинотанқидчиларнинг нишонига айланиши урф бўлиб қолганди...
Аввало, ўзбек киноси ҳозирда ривожланиш жараёнида ва кундан кунга тараққий этиб бораётганидан кўз юммаслик керак... Ва қанчалик кўп фильмлар суратга олинмасин, улардан энг яхшиларини ҳам албатта томошабиннинг ўзи саралаб олади.
“МАФТУНИНГМАН – 2” УЧУН КАСТИНГ
Кино барибир ўз номи билан кино-да. Уни берилиб кўрган томошабинда айрим қаҳрамонларга тақлид қилиш, айримларда эса кинода ўзи иштирок этиш истаги ўз-ўзидан пайдо бўлади. Замонлар ўзгариб, кинода ҳам янгича талқинлар пайдо бўлмоқда. Лекин бирор нарсага эришиш учун албатта нимадир қурбон қилинади...
Кейинги вақтларда дўконлардаги Онлайн-ТВлар ва газета журналлар, ижтимоий тармоқлар саҳифаларида “Мафтунингман – 2” фильми суратга олинаётгани ва бу фильмга оддий одамлар орасидан ҳақиқий истеъдод эгалари танлаб олиниши ҳақидаги хабарларга кўзингиз тушган бўлса керак. Айни дамда “Мафтунингман – 2” картинасида иштирок этадиган дебютант актёрлар учун кастинглар ўз ишини бошлаган. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйлаб ўтказиладиган кастингларда 200 га яқин иқтидорли кишилар танлаб олиниши кўзда тутилган.

КАСТИНГДА ИШТИРОК ЭТИШ УЧУН...
“Dono Productions” кинокомпанияси томонидан йўлга қўйилган мазкур кастингда иштирок этмоқчи бўлган иқтидор эгалари “Dono.uz”  сайтига ташриф буюрган ҳолда махсус анкетани тўлдиришлари лозим.
СИФАТ ҳар доим ҳам кўп вақт ва катта пул талаб қилган. Бунинг учун айнан бизда барча имкониятлар мавжуд. Чунки кинони биргина кинозалга келаётган юз ёки икки юзта томошабин эмас, миллионлар кўради. Кастингнинг энг муҳим жиҳатларидан бири эса унинг бепул эмаслигидир. Одатда бепул ўтказиладиган кастингларда санъатдан умуман хабари бўлмаган, орзуси фақат машҳурлик бўлганлар ҳам қатнашиб, ташкилотчиларнинг вақтини ўғирлайди. Улар сабаб ҳақиқий иқтидор эгалари четда қолиб кетиши ҳам мумкин. Шуларни инобатга олган ҳолда ташкилотчилар кастингда иштирок этиш баҳосини 10.000 сўм этиб белгиладилар. Бу пуллар шунчаки ҳавога сарфланмайди. Иштирокчиларнинг кастингда иштирок этишларига шарт-шароит яратиш, биринчи босқичдан ўтган қатнашчиларни камера қаршисида суратга олиб, иқтидорларини синовдан ўтказишга, интернет тармоқлари орқали уларга овоз тўплаш, одамларга таништириш ишларига сарф этилади.
Агар интернетда анкета тўлдириш имконияти бўлмаса, номзодлар кастинг ўтаётган жойнинг ўзида қоғоз вариантдаги анкетани тўлдиришлари мумкин. Бунинг учун паспорт ва 3 дона фотосуратни ўзлари билан олиб келишлари керак. Тўлов нақд пул ёки пластик карточка орқали амалга оширилади.

НЕГА АЙНАН “МАФТУНИНГМАН – 2”
Ташкилотчиларнинг айтишича, лойиҳанинг “Мафтунингман” фильмига тўғридан-тўғри алоқаси йўқ. Лекин кастинг жараёни худди шу фильмни эслатади. Ҳар бир вилоятдан иқтидорларни қидириш, касби ва ёшидан қатъи назар истеъдод эгаларига имконият бериш, бутун республикани қамраб олиш ва ҳоказо.
Лекин “Мафтунингман - 2” номи кинотеатрга етиб келгунга қадар ўзгариши ҳам мумкин.
КАСТИНГЛАРДА НЕЧА ЁШДАН ИШТИРОК ЭТИШ МУМКИН?
Кастингда иштирок этиш учун ёш чегараланмаган. Етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган ҳамюртларимиз унда қатнашишлари мумкин. Кастинг жараёнида бош қаҳрамон учун номзодларнинг актёрлик, куйлай олиш ва рақсга тушиш маҳорати синчиклаб ўрганилади.
Кастинг ҳар бир вилоятда, ўша ҳудуднинг кўзга кўринган мутахассислари иштирокида ўтказилади.
Шунингдек, ноёб қобилият эгалари ҳам кастингда иштирок этишлари мумкин. Эсингизда бўлса, “Иван Васильевич ўз касбини ўзгартиради” фильмида қулоғини ажабтовур қимирлата оладиган навкар фильмга қўшимча “бўёқ” берган. Ўзбекистонда ҳам ноёб иқтидор эгалари жудаям кўп.
ФИЛЬМ ЎЗИНИ ОҚЛАРМИКИН?
Фильмда 200 нафарга яқин актёр иштирок этади. Энг асосийси – уларнинг ҳаммаси янги қиёфалар бўлади. Лекин бугун, ҳатто, таниқли санъаткорлар иштирок этган фильмлардан ҳам пул топиш жуда қийин бўлиб қолган. “Мафтунингман – 2” сарфланган маблағни оқлармикин? Умуман, бугун хусусий киносаноатда мазмун кун сайин саёзлашиб бораётган бир даврда навбатдаги картина билдирилган ишончни нима билан оқлайди? Устига-устак ижодкорларнинг аксарияти санъат борасида етарли уқувга эга бўлмаганлар...
Фильм ижодкорларининг фикрича, фильмни зўр қилиб олиш, унда қайсидир юлдузнинг иштирок этиши, номдор режиссёрнинг иши бўлиши, олдин муваффақиятларга эришган фильм ижодкорларининг навбатдаги туҳфаси... каби жиҳатлар замонавий киносаноатда ҳеч нарсани ҳал қила олмайди. Етарли уқувга, яъни тажрибага эга бўлмаган актёрлар гуруҳи эса ўз олдига қўйилган вазифаларни сидқидилдан бажаради. Уларда тажриба йўқ холос, маҳорати бор.
Кастинг бежизга ўтказилмаяпти, юртдошларимиз кечагина ўз сафларида юрган, юртимизда турли ҳудудларида истиқомат қилувчи инсонларни катта экранда кўради. Кастинг ҳам, тасвирга олиш ишлари ҳам омманинг кўз ўнгида амалга оширилади. Ишга чанқоқ, юқори мақсадларни режа қилган, тирикчилик ташвишларидан нисбатан ҳоли бўлган профессионал жамоа лойиҳа устида ишламоқда. Фильм бўйича ҳар бир маълумот халққа етказилади. Қанча одам иштирок этди, кимлар танлаб олинди, бюджет миқдори, рекламага қанча сарфланди ва ниҳоят прокат натижалари. Ҳали ҳеч ким бу маълумотларни очиқ-ойдин маълум қилмаган.
ХУЛОСА ЎРНИДА
Кинокомпания вакиллари ҳали суратга олинмаган фильм, охирига етмаган кастинг ҳақида шу қадар завқ билан гапирардики, бу лойиҳа ҳақиқатан ҳам ўзимизда амалга ошириляптими ёки бу томошабинлар эътиборини тортишнинг янги йўлими, деб ўйлаб қоласан киши.
Бироқ кинокомпанияда олиб борилаётган ишлар, кастинг жараёни, сценарий тайёрлашдаги баҳсларга ўз кўзимиз билан гувоҳ бўлгач, юқоридаги гаплар шунчаки лоф эмаслигига амин бўлдик. Кўрамиз, улар берилган ваъдаларнинг устидан қанчалик чиқишар экан...
Шоҳ ЖАҲОН тайёрлади