Алишер Узоқов: "Пичоққа илинадиган ролларим йўқ"

Қўшилди: 25 май 2016 21:20
Кўрилди: 1176
Комментарии: 0
Алишер Узоқов: "Пичоққа илинадиган ролларим йўқ"
Актёр, хонанда, режиссёр Алишер Узоқов  ҳозирги пайтда асосий мақсади – ўзидан кейин тарихда қоладиган санъат асари, яъни маънавий озуқа олса бўладиган ижод маҳсуллари қолдириш эканлигини таъкидлади. Бу ҳақда хонанда «Даракчи.uz» нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

— «Пичоққа илинадиган» ролларингиз борми?
— Йўқ.
— Буни очиқ тан оласизми?
— Албатта! Актёр бу – ижрочи. Режиссёрнинг чизган чизиғидан чиқмай, сценарийга кўра ишлайдиган ижодкор. Шу боис актёр сифатида ўзидан халққа маънавий озуқа берадиган роллар қолдириш қийин. Лекин режиссёрлик ишим — «Кузда гуллаган дарахт» фильмида томошабинга айтмоқчи бўлган гапларимни катта экранга олиб чиқа олганман, назаримда.
— Машҳур тўртлик Улуғбек Қодиров, Адиз Ражабов, Фаррух Соипов, Алишер Узоқов яқин тарихда қолгандек. Бу давр шу қадар тез ўтиб кетиши ҳақида ўйлаганмисиз?
— Тез ўтади, деб ўйламагандим. Вақт оқар сув экан, ўша даврдан фойдалана олмадим. Чунки бу фақат менга боғлиқ бўлмай қолганди. Ўша даврга савияси паст фильмлар тўғри келиб қолди. Бироқ танқид қилинган, мен иштирок этган «Жаноб ҳеч ким», «Телба», «Тундан тонггача» ва сиз таъкидлаган актёрлар роль ўйнаган кинокартиналар даражасидагидек фильмлар ҳам йўқ-ку ҳозир! Очиқ айтаман, бугунги ўзбек киносидаги ҳолат мени қониқтирмайди. Сабабини тушунтираман, хусусий фильмларнинг бошланиши омадли бўлди. 5—6 йил зўр фильмлар ишланди ва уларнинг аксарияти чет элда мукофотга ҳам лойиқ топилди. Бу санъатга алоқаси бўлмаган «ижодкор»ларни руҳлантириб юборди. Ҳамма ёппасига фильм суратга олишга ўтди ҳамда юқори даражага чиқа бошлаган ўзбек киноси савиясини пасайтириб қўйди. Саволингизга қайтсак, нокамтарликка йўйманг-у, шундай давр бўлдики, эл назарига тушган актёр-актрисалар етишди. Тан олиш керак, ҳозир ўша даврдагидек ёш актёр-актрисалар йўқ. Режиссёрлик ишим учун актёр излаганимда ҳам тополмадим...
— Ижоддаги омадсиз «юриш»ларингиз қайси ҳамкасбларингизга имкон бўлди?
— (кулади) Ҳеч кимга. «Зўрдан зўри чиқади», лекин ҳали ундайини кўрмадим...